ИИБ: туристлардан пора сўраган икки ходим ишдан бўшатилган
ИИБ ходимларининг Регистон майдонида Жанубий кореялик сайёҳдан пул олганига оид хабарлар тарқалгач, вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати ҳолатга аниқлик киритди.
Таъкидланишича, ушбу воқеадан сўнг, видеода қайд этилган ИИБ ходимлари хизматдан бўшатилган.
“Ижтимоий тармоқларда кореялик сайёҳдан Регистон майдонига кириши учун пул талаб қилиб, уни ноқонуний равишда тарихий обидага киритган ходимлар билан боғлиқ лавҳалар тарқалмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилиб, патруль-пост хизмати батальонининг икки нафар ходими ички ишлар органи ходимининг шаънига путур етказувчи хатти-ҳаракатлар содир этганлиги учун хизматдан бўшатилган”, дейилади вилоят ИИБ муносабатида.
Жанубий кореялик сайёҳ ўзи тасвирга олган ушбу видеоёзувдан кўриш мумкинки, сайёҳ тарихий жойга кириш учун билет излаб юрган вақтда 2 нафар ички ишлар ходимини учратган. Ходимлардан бири чиқинди қутисини кўрсатиб, 50 минг сўм пулни ўша қутига ташлаб кетаверишини айтган. Сайёҳ пулни айтилган жойга қўйиб, Регистон майдонига кирган.
Сайёҳ видеони 2024 йилнинг 14 сентябрида Youtube ижтимоий тармоғига жойлаган бўлиб, ҳозиргача 62 минг мартадан зиёд томоша қилинган.