ИИББ: Тошкент вилояти ҳудудидан ўтувчи автомагистраллар ва ҳудудий чегаралар ёпилмайди

Кузатувлар шуни кўрсатмоқдаки, telegram, facebook ва бошқа кўплаб ижтимоий тармоқ каналлари орқали Тошкент вилояти ҳудудидан ўтувчи автомагистраллар, ички йўллар ва вилоят ҳудудий чегаралари ёпилиши ёки ёпилганлиги ҳақида турли асоссиз хабарлар тарқатилмоқда.

ИИББ шуни маълум қиладики, ушбу хабарлар мутлақо асоссиз бўлиб, ҳозирда Тошкент вилояти ҳудудидан ўтувчи барча автомагистраллар, ички йўллар, шунингдек, вилоятнинг ҳудудий чегаралари очиқ.

Шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали ҳар хил турдаги дори воситаларини “вирусларга қарши восита” деб нақд ёки электрон пул ўтказиш йўли билан сотувга қўйилгани каби ёлғон хабарларга ишониб фирибгарларга алданиб қолмасликка ва ҳушёрликка чорлаймиз.

Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати хабарига кўра, бу каби тарқатилаётган ёлғон хабарлар ёки талаб билан уйингизга бирор кимса келган тақдирда “102” қисқа рақамига ёки ҳудудингизда фаолият юритувчи профилактика инспекторига қўнғироқ қилишингизни сўраймиз.

Маълумки, коронавирус инфекциясининг кенг тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида мамлакатимизда карантин эълон қилинган. Мазкур вазиятда давлат идораларининг асосий вазифаларидан бири аҳоли ўртасида саросимага йўл қўймаслик ва қисқа муддат ичида мазкур инфекциянинг тарқалишига қарши курашишдир. Шу билан бирга, аҳоли тинчлиги ва жамоат тартибини сақлаган ҳолда жиноятчиликнинг олдини олишдан иборат.

Шу ўринда юртдошларимизга эслатиб ўтамиз, асосланмаган маълумотларга ишонманг ва уларни тарқатманг, хабарлар билан расмий манбалар орқали танишинг.

Барча саволларингиз бўйича алоҳида фаолият кўрсатаётган 1003 рақамли тезкор алоқа тармоғига мурожаат қилинг. Аниқ ахборотни ижтимоий тармоқлардаги @koronavirusinfouz расмий манзилидан билиб олишингиз мумкин.