ИИВ фуқароларни ижтимоий тармоқларда шахсий маълумотларни жойлаштиришда ҳушёр бўлишга чақирди
Кейинги вақтларда “Телеграм” ижтимоий тармоғида товламачилик йўли билан даромад орттириш мақсадида айрим шахслар ижтимоий муҳандислик услуби билан фуқароларнинг шахсий ҳаётига оид маълумотларни (фотосурати, исми, шарифи, телефони, манзили ва бошқалар) тўплаб, кейинчалик уларни шаъни ва обрўсига путур етказувчи “пост”лар кўринишида ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик эвазига пул маблағларини талаб қилаётганлиги кузатилмоқда.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда бундай каналлардан бир нечтаси аниқланган бўлиб, уларни юритувчилари хориж давлатларидан туриб фаолият кўрсатишади.
Ички ишлар вазирлиги томонидан ушбу ва бошқа турдаги жиноий фаолият билан шуғулланувчи барча каналларнинг юритувчиларини электрон манзиллари аниқланиб, ўрнатилган тартибда хорижий ҳамкорларни жалб қилган ҳолда терговга қадар текширувлар ўтказилмоқда.
Текширув якунлари юзасидан товламачилик қилаётган шахсларга нисбатан қонуний чора кўрилади.
Афсуски, ҳозирги кунда мазкур жиноий каналларни блоклашнинг техник имкониятлари мавжуд эмас. Шунинг учун каналлар номи ошкор этилмайди.
Шу ўринда, ИИВ ахборот хизмати фуқаролардан шахсий ҳаётига алоқадор бўлган маълумотларни ижтимоий тармоқларга қўймасликни ёки бегона гуруҳ ва каналларга тарқатмасликни, акс ҳолда товламачиларнинг қурбонига айланиш мумкинлигини таъкидлаган.