Ижодий имтиҳон бўлғуси журналистларни саралайди

Самарқанд давлат чет тиллар институтида 2025-2026 ўқув йили учун журналистика: халқаро журналистика таълим йўналишига касбий (ижодий) имтиҳон бўлиб ўтди.

Ижодий имтиҳон Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети кафедра мудири, доцент Юлдуз Зоҳидова раислигида олиб борилди. 

- Ўтган йили Ўзбекистон Миллий университетида ҳам ижодий имтиҳонда комиссия аъзоси сифатида иштирок этгандим, - дейди Ю.Зоҳидова. – Абитуриентларнинг 30 фоизи мени хурсанд қилиб, 70 фоизи ранжитган эди. Масалан, “Ўткан кунлар” асарини ким ёзган деган саволимга “Ўткир Ҳошимов” ва бошқа нотўғри жавобларни берганди. Афсуски, бу йил ҳам шундай ҳолат кузатилди. Лекин ёшлар ҳеч қандай босимлар остида ёки диплом учун эмас, балки ўзлари  журналистикага қизиқиб, шу соҳада ўқийман деб келгани, кўзи ёниб тургани мени қувонтирди. Улар астойдил билим олиб, ўқиб, изланишса, келажакда улардан зўр журналистлар етишиб чиқишига ишонаман. 

Бугун абитуриентлар учун муҳим кун. Нафақат улар учун, балки биз учун ҳам ушбу сана аҳамиятли, чунки уларни холис, адолатли, шаффоф баҳолашимиз керак. Бу бизга катта масъулият юклайди. Бу гал мен комиссия раиси сифатида иштирок этяпман. Комиссия таркиби тўрт нафар профессор-ўқитувчидан иборат. Оғзаки имтиҳонда нутқ равонлиги, фикрлар ифодасига аҳамият берилса, ёзма ишда имловий хатолар ва мавзуни қай даражада очиб берилганига қараб баҳоланади.   

Имтиҳоннинг ҳалол, адолатли ўтказилиши учун Самарқанд давлат чет тиллар институти маъмурияти томонидан барча керакли чора-тадбирлар кўрилган. 

- Имтиҳонларни адолатли, шаффоф ўтиши учун ижтимоий тармоқларда жонли трансляция жараёни ташкил этилди, - деди Самарқанд давлат чет тиллар институти қабул комиссияси масъул котиби Ўткир Сатторов. – Шунингдек, ота-оналар учун ташқарида монитор ўрнатилиб, имтиҳон жараёнини кузатиб бориш имконияти яратилди.  

Журналистика: халқаро журналистика таълим йўналишига 140 нафар абитуриент ҳужжат топширган бўлиб, улар дастлаб ижодий имтиҳондан ўтади. Сўнгра иккинчи босқич, яъни тест синовларида қатнашади. Иккала имтиҳон натижалари тўпланиб, энг юқори балл олган 25 нафар абитуриент талабаликка қабул қилинади. 

- Ўзим ижодкорман, “Бу дунёнинг ҳикмати” номли китобим нашр этилган, - дейди абитуриент Замира Ғаффорова. – Шунингдек, ҳикоя ва мақолаларим газеталарда чиққан. Бундан ташқари, ижодий ишларим халқаро журналларда ҳам чоп этиб келиняпти. Шунинг учун бўлса керак, имтиҳон жараёни мен учун қийин бўлмади.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА,

Дилноза АҲМАДОВА,

Бахтиёр МУСТАНОВ (фото+видео).