Ижодий имтиҳон топширадиган абитуриентларга алоҳида рухсатномалар бериш жорий қилинди

Жорий йил касбий (ижодий) имтиҳон топширадиган абитуриентлар учун алоҳида рухсатномалар бериш тартиби ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълум қилди.

Рухсатномада абитуриент ҳақидаги маълумотлардан ташқари имтиҳон ҳақидаги маълумотлар ҳам мавжуд бўлади. Яъни, унда касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган йўналиш, олий таълим муассасаси номи, манзили, санаси ва вақти аниқ кўрсатилган бўлади.

Ҳозирда рухсатномалар my.uzbmb.uz сайтида шакллантирилмоқда. Жараён якунлангандан сўнг, абитуриентлар шахсий кабинетидан юклаб олишлари мумкин бўлади.

Эслатиб ўтамиз: 1-25 июль кунлари касбий-ижодий имтиҳонлар ўтказилади.