Икки кунда Самарқанд шаҳрида 30 дан ортиқ газ тортувчи “насос” ўрнатган фуқаролар аниқланди

Сўнгги  пайтлар газ босимининг пастлиги сабаб, хонадонларни тўлиқ табиий газ билан таъминлашда муаммолар юзага келмоқда. Чунки айрим истеъмолчиларнинг ўзбошимчалик билан ноқонуний газ тортиш насослари ўрнатгани газ босимини бир меъёрда ушлашнинг бузилишига, белгиланган ҳудудларга газ етиб бормаслигига олиб келяпти.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ушбу ҳолатларни ўрганиш ва уларни бартараф этиш мақсадида ИИБ профилактика нозирлари, фавқулодда вазиятлар бўлими, электр тармоқлари корхонаси ва шаҳар газ таъминоти бўлими ходимларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этди.

Икки кун давомида ўтказилган рейд тадбирларида Хўжа Аҳрор Валий, Сўзангарон, Намозгоҳ, Садриддин Айний, Мирзо Улуғбек, Кўл маҳаллаларида газ тақсимловчи ГРПлар ҳамда аҳоли хонадонларига ноқонуний равишда 30 дан ортиқ газ тортиш қурилмалари ўрнатилгани аниқланиб, ушбу қурилмалар ишчи гуруҳ томонидан олиб ташланди. Газдан ноқонуний фойдаланган фуқароларга белгиланган тартибда чора кўриш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар берилди.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.