Санкт-Петербургда икки ўзбекистонлик ишчи лифт шахтасига тушиб кетди
Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхонаси 28 август куни Ленинград вилояти Кронштадт шаҳридаги қурилиш майдонларидан бирида 4 нафар ишчи, жумладан, икки нафар Ўзбекистон фуқароси Б.Б. ва К.Б. лифт шахтасига тушиб кетгани тўғрисида ОАВ да тарқалган хабарни тасдиқлади, деб хабар беради ТИВ матбуот хизмати.
Б.Б.га биринчи тиббий ёрдам кўрсатилганидан сўнг рухсат берилган. К.Б. Жаналидезе номидаги Тез ёрдам илмий-тадқиқот институти травматология бўлимига ўтказилган ва ҳозирда унинг ҳолати шифокорлар томонидан «қониқарли» деб баҳоланмоқда.
Бош консулхона мазкур ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва тиббиёт муассасаси билан алоқа ўрнатган.
Консуллик-ҳуқуқий департаменти эслатиб ўтадики, Россиянинг Шимоли-ғарбий федерал округи (Архангельск вилояти, Калининград вилояти, Карелия Республикаси, Коми Республикаси, Ленинград вилояти, Мурманск вилояти, Ненец автоном округи, Новгород вилояти, Псков вилояти, Санкт-Петербург шаҳри, Вологода вилояти) ҳудудида жойлашган фуқароларимиз зарур вазиятларда мамлакатимизнинг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин: +7-965-029-41-49.