Вильям Шекспирнинг “Қирол Лир” трагедияси Самарқанд саҳнасида
Жаҳон адабиётининг дурдона асарларидан бири “Қирол Лир” трагедияси неча замонлардан буён юзлаб театрларда намойиш этилди, кўплаб тилларга таржима қилинди.
Самарқанд вилоят мусиқали драма театрида ҳам Вильям Шекспирнинг ушбу асари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбекистон давлат академик рус драма театри бош режиссёри Валихон Умаров томонидан саҳналаштирилди. Спектаклдаги декорациялар, актёрларнинг маҳоратли ижроси, мукаммал режиссура, ўша давр руҳиятига мос мусиқа томошабинни нақд икки соат саҳна билан узвий боғлади, асар ичига олиб кира олди.
Қирол Лир фожиаси нимада?
Бу асарни ўқимаган киши кам бўлса керак. Воқеалар Британия қироллигида юз беради. Қирол Лир кексайгач, мамлакатни уч қизига бўлиб беришни ва ўзи кексалик гаштини суришни хоҳлайди. Саҳнада сарой аёнлари ва қирол Лир уч нафар қизи билан намоён бўлади. Сарой масхарабози Шекспирнинг унутилмас ибораси билан томошабинни асарга олиб киради. “Бутун олам театр, биз одамлар унда актёрлармиз”. У ушбу жумлаларни такрор ва такрор айтар экан, сарой аёнларига ниқоблар тарқатади. Фақатгина кенжа қиз Корделия ниқобни олмайди. Бу томошабинни ҳайратлантиради ва асар давомида улар бу саволга жавоб топади.
Қирол давлатини қизларига бўлиб берар экан, уларнинг меҳру муҳаббатини ҳам билишни истайди. Икки катта қизи кўзларида ёш билан чексиз меҳрини, муҳаббатини изҳор қилса, кенжа қиз бундай сохта муносабатни эмас, балки бир фарзандлик садоқатини, меҳрини отасига тортиқ этади. Самимий айтилган сўзлардан сохта айтилган ҳисларни устун қўйган ота кенжа қизидан воз кечади ва давлатини иккига бўлади. Мол-давлатга эга бўлган қизлар бора-бора отасини ўз уйларидан ҳайдайди, меҳр-муҳаббатининг сохталигини аён қилади. Жуда тез фурсатларда кутилмаган ҳаёт зарбасига учраган Қирол эсанкираб қолади. Мана шу онда томошабин сарой аёнларидаги ниқобнинг маъносини чақади. Катта қизларнинг муҳаббати ниқоб остида айтилгани, буни қирол сезмагани, унга бўлган муносабатларнинг барчаси парда ортидаги муносабатлар эканлигини англайди. Қирол Лир ҳам бор давлатидан айрилгач, барча ҳақиқатни кўради, билади. Аммо кеч эди...
Машаққат ортидаги рағбат
- Олти ойдан буён ушбу асар устида ишладик, изландик, маҳоратимизни оширишга ҳаракат қилдик, - дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Бахтиёр Раҳимов. – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Валихон Умаров бундан аввал ҳам жамоамиз билан Туржан Жўжанўғлининг “Кўчки” асарини саҳналаштирган эди. Ушбу саҳна асари томошабинлар томонидан илиқ кутиб олиниб, халқаро театр фестивалларида эътироф этилди. Маҳоратли режиссёр бу гал “Қирол Лир”ни саҳналаштирар экан, аввало, актёрлар маҳоратини тўғри баҳолай олди. У ролларни актёрларнинг ижодий имкониятларидан келиб чиқиб тақсимлади ва менимча адашмади. Тажрибали актёрлар ўз ролларини маҳорат билан ижро эта олди. Асардаги ҳар бир персонажнинг ўз руҳияти бор. Жумладан, мен ижро этган граф Кент образида юртга содиқлик, садоқат туйғулари мужассам. Гарчи, қирол уни саройдан ҳайдаса-да, қиёфасини ўзгартириб, қиролга умрининг сўнгги лаҳзаларигача садоқат билан хизмат қилди.
Спектаклни томоша қилар экансиз, дастлаб қиролнинг ваҳожати, қатъияти, ҳукмронлигини кўрган бўлсангиз, асар сўнггида қизлари томонидан таҳқирланган, ҳаётнинг зарбаларига учраган инсон қиёфасида гавдаланади. Актёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Солижон Ҳакимов Қирол Лир шахсиятини, унинг ҳис-ҳаяжонини, мардлигини, изтиробини, қайғусини, фожиасини томошабинга етказа олди, ўз туйғуларига шерик қилди. Қизлари Гонерилья ва Реганадаги такаббурлик, салтанат, тож-тахт учун фарзандлик бурчини унутган, ҳийлакорликни театр актрисалари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Меҳри Ҳакимова ҳамда актриса Сарвиноз Саитовалар маҳорат билан ижро этди.
Спектакль декорациялари ҳам кишини Британия қироллигига олиб кира олди. Умуман асар воқеаларига мос мусиқалар ҳам ўзига хос тарзда танланган. Актёрларнинг ижроси асарнинг мукаммал чиқишига асос бўлди.
Шунингдек, асардаги кенжа қиз Корделия (актриса Гўзал Қурбонова), сарой масхарабози (актёр Турдимурод Худойбердиев), граф Глостер (Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, актёр Бахрулло Рахимов), Эдмунд (актёр Жамшид Муродов), Эдгар (актёр Шерзод Рахимов), герцоглар Альбани (актёр Жўрабек Ёрқулов) ва Корнуэль (актёр Машраб Бекмуродов), Француз Қироли (Ҳаёт Ҳамидов), Бургунд герцоги (Фарид Расулов) каби персонажлар Шекспир трагедиясининг ғоясини ва ўткир сюжет йўналишини кескинлаштириб, тўлақонли трагедия жанри даражасига кўтарди.
Насиба ЖОНТЎРАЕВА.