Икки йилда 50 нафардан зиёд фуқаро сувда чўкиб ҳалок бўлди

Вилоятдаги чўмилиш ҳавзаларининг ҳолати қандай?

Ёзнинг жазирама кунларида кўпчилик салқин жойларга боришни ва сув ҳавзаларида чўмилишни хоҳлайди. Айниқса, болалар таътилда дарё, канал ва сой бўйига талпинади . Баъзида тақиқланган сув ҳавзаларида чўмилишлари оқибатида ҳаётларига хавф туғилади.

Статистик маълумотларга кўра, дунёда ҳар йили 310 минг киши сув ҳавзаларида чўкиб ҳалок бўлади. Мисол учун, икки йил олдин Пахтачи туманида Зарафшон дарёсига уч нафар вояга етмаган бола чўмилгани бориб, эҳтиётсизлик оқибатида чўкиб кетди. Бунинг асосий сабаби эса чўмилиш мумкин бўлган сув ҳавзаларининг етишмаслиги, хавфсизлик қоидаларига амал қилмасликдир.

Хўш, вилоятда сувда чўкиш билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида қандай ишлар амалга оширилмоқда, умуман, Самарқанддаги сув ҳавзаларининг бугунги ҳолати талабга жавоб берадими? Вилоятда нечта қутқарув бригадаси бор?

- Вилоятда 35 та чўмилиш сув ҳавзаси рўйхатдан ўтган, - дейди  вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Бегзод Назаров. – Бугунги кунда вилоятда махсус вазифаларни бажарувчи минтақавий қутқарув отряди таркибида қутқарув ғаввослар бригадаси мавжуд бўлиб, уларда 10 нафардан зиёд ғаввос фаолият олиб бормоқда. Сувда қутқариш ишларини амалга ошириш бўйича барча етарли техника ва асбоб-анжомлар мавжуд ва шай ҳолатга келтирилган.

Айтиш жоизки, кейинги икки йилда Самарқандда 41 ҳолатда 50 нафардан зиёд фуқаро сувга чўкиб ҳалок бўлган. Мавсум олдидан вилоятнинг худудий фавқулодда вазиятлар бўлимлари ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда барча туман ва шаҳарларда чўкиш билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг ҳолатини ўрганиб, муаммо ва камчиликларни вақтида бартараф этди.

Шунингдек, вилоят худудида чўмилиш тақиқланган, қўриқланмайдиган фуқаролар чўмилиши эҳтимоли бўлган 76 та хавфли участка аниқланган бўлиб, кўллар, дарёлар, канал ва ариқлар ҳудудида юзга яқин тақиқловчи белгилар ўрнатилди. Айни пайтда камчилик аниқланган олтита чўмилиш ҳавзасида ҳамда маҳаллаларда, ўқув муассасалари ва сув хўжалиги объектларида профилактик тадбирлар давом этмоқда.

Сувга чўкиш ҳолатларнинг аксарияти сув ҳарорати доимий паст ва оқим тез бўлган чўмилиш рухсат этилмаган жойларда қайд этилган. Бундай жойлар Зарафшон, Оқдарё ва Қорадарё дарёлари, Каттақўрғон, Оқдарё, Тўсинсой, Қорасув ва Қоратепа сув омборлари, Дарғом, Булунғур, Шахоб, Хатирчи-Миёнкол, Туятортар, Мирзаариқ, Каттақўрғон сув омборига кириш ва чиқиш, Нарпай ва Сиёб каналлари киради.

Мазкур сув объектлари қишлоқ хўжалигида мелиорация тадбирлари учун сув етказиб бериш мақсадида барпо этилган. Бу жойлар чўмилишга мўлжалланмаган ва чўмилиш тавсия этилмайди.

Чунки сувнинг гигиеник ҳолати талабга жавоб бермайди, оқим жуда тез, баъзи жойларда кескин, чуқурлик тик ва ботиқ, сув ости нотекис ва номаълум, кўриш даражаси жуда паст, қирғоқлари беқарор, энг ёмони, ёрдам беришга шай турадиган қутқарувчилар ёки қутқарув асбоб-анжомлари билан жиҳозланмаган.

Илҳом Боқиев.