Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистондан 1,5 миллиондан ортиқ киши қатнашган

1941–1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистондан  1,5 миллиондан ортиқ киши қатнашган. Урушда юртдошларимизнинг ярим миллиондан ортиғи ҳалок бўлган. 133 мингга яқини бедарак йўқолган, 60 мингдан зиёди ногирон бўлиб қайтган.

Уруш олови ичида қолган ҳудудлардан юртимизга 1 миллион нафардан ортиқ киши кўчириб келтирилган. Уларнинг 200 минг нафари болалар эди. Халқимиз уларга бошпана бериб, сўнгги бурда нонини ҳам баҳам кўриб, ота-онасидан ажралган болаларни ўз фарзандлари қатори тарбиясига олиб, бутун дунёга ҳақиқий инсонпарварлик фазилатларини намойиш этган.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 23 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида” фармонига кўра, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 7 500 000 (етти миллион беш юз минг) сўм миқдорида пул мукофоти белгиланди.