"Илҳақ" фильми қандай тасвирга олинган эди?
Аввал хабар қилганимиздек, Самарқандда "Кинокарвон" ижодий гуруҳи аъзолари билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Ана шундай учрашув дастлаб Самарқанд шаҳридаги Кичик мутахассислар тайёрлаш марказида "Илҳақ" фильми ижодкорлари, зобитлар ва уларнинг оила аъзолари, ҳарбий хизматчилар иштирокида ташкил этилди.
Тадбирда фильм режиссёри Жаҳонгир Аҳмедов ва бошқа ижодкорлар кино соҳасига берилаётган эътибор, кинонинг тасвирга олиниш жараёнлари, ушбу бадиий фильм Иккинчи жаҳон уруши даврида рўй берган ҳаётий воқеаларга асослангани, бош қаҳрамон Зулфия Зокированинг дарди ва аламли кечинмалари тасвирланганлиги хусусида гапирди.
Худди шундай учрашув Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида ҳам бўлиб ўтди. Тадбирда фильм бош қаҳрамони - Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Дилором Каримова уруш ва у келтирган аянчли оқибатлар ҳақида тўхталиб, Она ана шундай оғир жудоликни кўрган, матонат билан бардош берган аёл тақдири эканлигини айтди. Бу фильмда ҳар бир актёр ўз ролини нафақат маҳорат билан ижро этгани, балки ўша даврда реал яшаганликларини сўзлаб берди.
Тадбирларда иштирокчиларга "Илҳақ" фильми намойиш этилди.
Сулаймон Мардиев,
Бахтиёр Мустанов (фото).