Илмми ёки таом? Меъёрида овқатланмаган ўқувчида илм олишга иштиёқ бўлмайди

Невараларим жудаям кўп, бироқ уларнинг мактабдан уйга қайтган чоғларидаги хатти-ҳаракатлари мени ажаблантиради. Барчасининг елкасида хуржундай-хуржундай сумка-ю, пойабзалларини ҳам ечмасдан ўзларини ошхонага уришади. Тавба, бу нима қилиқ бўлди.

Ҳа, демак, улар оч қолган. Оч қолган бола одоб, тартиб-интизомни биладими, миясига илм кирадими – у овқатланиши керак, вассалом, истанг-истаманг, қорни оч одамда илм олишга, китоб ўқишга заррачаям интилиш, ҳавас бўлмайди. Бу бор гап. Энг ёмони, бу аҳволда болаларнинг ҳазм тизимида ўнлаб касалликлар келиб чиқади.

Ўйланиб қоламан-да, яқин ҳамфикрим, Булунғурдаги 22-мактабнинг математика фани ўқитувчиси Абдулла Маматқуловга хавотирли тахминларимни айтаман. Муаллим кулади:

– Менга қаранг, дўхтир, математикликка иқтидори бор аълочи ўқувчига битта оғир тенглама ёки тенгсизликни ечиши учун ярим сотих ерни белкурак билан ағдарганчалик озуқа қуввати керак. Ана шу ички қувват унинг танасида бор бўлсагина тенглама ёки тенгсизликни тез, мукаммал, тўғри еча олади.

Сиз ахир аввал унинг қорнини тўйғазиб, хотиржам қилинг, ана шундан сўнггина муддаога ўтиб, илмга ундасангиз бўлади. Эрталаб мактабга кетаётган ўқувчига бериладиган бир косача нон тўғралган сут, сарёғ ёки ширинчой нима бўларди дейсиз?

Булар унинг дарсларини тўла ўтиб бўлганича етади, деб ҳам ўйлайлик аммо мактабда еган овқатини қўшиб ҳисоблаганингизда ҳам ушбу егуликлар тана учун зарур энергиянинг ўндан бир улуши, холос.

Агар ўқувчининг ўзи севган тўгаракка қатнашиши, жисмоний куч талаб этувчи спорт машқлари бажаришини ҳисобга оладиган бўлсак, булар у еган овқатнинг арзимаслигини ва боланинг оч қолиши табиийлигини англатади.

Сизнинг невараларингиз худди мана шунинг учун ҳам мактабдан келганлари заҳоти ўзларини ошхонага уришади.

Қорни оч юрадиган ўқувчилардан буюк олимлар, даҳолар кам етишиб чиққан.

Ақлнинг меъёрий ишлаши учун ахир етарлича озуқа керак. Бусиз мағзини, қаймоғини ўзига шимиб ололмайди, қуввати етмайди бунга.

Қачонки таълимда ана шу ўткир, кечиктириб бўлмас муаммо тезкор, батамом ҳал этилмас экан, ҳатто туғма, юксак иқтидорли ўқувчиларни ҳам кашф этиб, юзага чиқариб бўлмайди.

Оч одамга нима керак – илмми ёки егулик?

Энг аввало, егулик, албатта. Егуликсиз у устига китоб ортилган жонзотдан ўзга ҳеч нарса эмас. Китобни еб бўлмаса, уни завқланиб ўқиш учун эса қорин тўқ бўлиши керак, таом танга мадор ахир! Очиққан ақл ҳам худди шу каби. У қачон ўзига етарли ички озуқасини ололмас экан, фаолияти чекланади, кучсизланади.

Яшириб нима қиламиз, бугунги кун мактаб ўқувчиларининг ҳаммасини ҳам илмли деб бўлмайди. Биз мактабда ўқиб юрган кезларимиз ота-оналаримиз "Оч юрмагин, болам", дея латта папкамизнинг ичига мажбурлаб егулик солиб юборишарди.

Бу ғамхўрликлар бежиз қилинмаган, менимча.

Пишиқчилик чоғлари мактабга боришимизда ҳам, қайтишимизда ҳам тутхўрлик, мевахўрлик қилардик. Булар қани ҳозир? Шаҳарда-чи? Нима қилиш керак унда?

Халқ таълими, тиббиёт, давлатнинг ҳам ёш, баркамол, етук авлодни тарбиялашдаги энг долзарб муаммоси шу бўлиб турибди ҳозир.

Тиббиёт ўқувчиларнинг кундалик овқатланиш тартиблари, таркиблари, уларнинг қай хилда бўлиши хусусидаги ўқувчилар учун махсус овқатланиш рационларини яратиб бериши, маорифчилар эса уни амалда қўллаши лозим.

 

Муродим УМРЗОҚОВ.