Имом Мотуридий мажмуасида хорижлик мутахассислар ҳамкорлигида қурилиш ишлари олиб бориляпти
Самарқанд заминида кўплаб диний уламолар яшаб, фаолият кўрсатган ва Марказий Осиёда ислом дини айнан шу ҳудуд орқали тарқалган. Бугун дунёдаги 2,5 миллиард мусулмоннинг қарийб 70 фоизи Мотуридий таълимотига амал қилиши шундан далолат беради.
Давлатимиз раҳбарининг қарорига кўра, ўтган йил юртимизда Имом Абу Мансур Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги кенг нишонланди. Улуғ аллома ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш ҳамда кенг тарғиб этишга қаратилган халқаро ва республика аҳамиятидаги анжуманлар ўтказилиб, мотуридийлик таълимоти бўйича олиб борилаётган тадқиқотлар дунё олимлари нигоҳида бўлди.

Шу билан бирга, сана муносабати билан Самарқанд шаҳридаги Абу Мансур Мотуридий мажмуасида қурилиш-ободонлаштириш ишлари бошланиб, улуғ аллома ва уламолар меросини ўрганиш мақсадида “Чокардиза” қабристони ҳудудида археологик тадқиқотлар амалга оширилди. Хусусан, Самарқанд археология институти олимлари томонидан “Чокардиза”да олиб борилган қазишма ишлари давомида буюк фақиҳ, ислом ҳуқуқшунослигининг мукаммал асари ҳисобланган “Ҳидоя” китоби муаллифи Бурҳониддин Марғиноний дафн этилган жой аниқланди. Бу ерда аллома шарафига мақбара бунёд этиладиган бўлди.
Айни пайтда Мотуридий бобомизнинг бой илмий-маънавий мероси ва таълимотини чуқур ўрганиш, тадқиқ этиш ҳамда мамлакатимизда ислом қадриятларини асл ҳолатда тарғиб қилиш ва соф ақидавий йўналишни кенг ёйиш мақсадида Имом Мотуридий мажмуаси ҳамда ислом оламида муҳим ўрин тутган тўрт мингдан зиёд олиму муҳаддислар дафн этилган “Чокардиза” қабристонида қурилиш-бунёдкорлик ишлари давом этмоқда.

- Абу Мансур Мотуридий 870 йилда Самарқанднинг Мотурид қишлоғида таваллуд топган бўлиб, умрининг охиригача, яъни 944 йилга қадар шу заминда яшаган, - дейди Имом Мотуридий мажмуаси раҳбари Улуғбек Амиров. - У зот Мадинадаги Боқеъа ва Маккадаги Муъалло қабристонларидан кейинги муқаддаслик даражасига эга бўлган, юзлаб улуғ алломалар, саййидлар, шайхлар, имомлар ва ғозийлар мангу қўним топган “Чокардиза” қабристонида дафн этилган. Бобомиз Имом Аъзам Абу Ҳанифа мазҳабини илмий жиҳатдан ривожлантириб, ислом динининг турли оқим ва гуруҳларга бўлиниб кетиш хавфини олдиндан англаган ҳамда бундай парокандаликнинг олдини олишга қаратилган илоҳиёт илмининг асосчиларидан бири сифатида тарихда чуқур из қолдирган.
2000 йилда Биринчи Президентимиз ташаббуси билан буюк имом, фақиҳ, калом илмининг етук намояндаси ҳамда “Мотуридия” таълимотининг асосчиси Абу Мансур Мотуридий ал-Ханафий ас-Самарқандий шарафига мажмуа бунёд этилган. Ўтган йили Президентимиз қарори асосида аллома таваллудининг 1155 йиллиги муносабати билан мажмуани янада ободонлаштириш ишлари бошланди. Хусусан, зиёратгоҳ ҳудудида масжид, таҳоратхона, маъмурий бино, инновацион музей, кутубхона, автотураргоҳ ҳамда “Чокардиза” қабристонида мақбара, айвон ва бошқа бир қатор объектлар барпо этилмоқда.
Ҳозирда зиёратгоҳда “SamTexnoStroyInvest” МЧЖ томонидан кенг кўламли қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Қурилиш ташкилоти иш бошқарувчиси Шерзод Камоловнинг таъкидлашича, қурилиш-реконструкция жараёни ўтган йилнинг август ойида бошланган. Лойиҳа доирасида Ҳиндистон, Покистон, Хитой ҳамда Эрон давлатларидан жалб этилган мутахассислар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.
Жумладан, объектларнинг фасад қисмини хитойлик қурувчилар, гумбазларнинг мозайка ишларини эронлик усталар, айвон ва устунлар барпо этишни эса ҳиндистонлик мутахассислар амалга оширмоқда. Қурилиш жараёнида замонавий ва юқори сифатли материаллардан фойдаланилмоқда ва ишлар жорий йилнинг апрель ойига қадар тўлиқ якунланиши режалаштирилган.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.