Импорт қилинган картошкада хавфли организмлар аниқланди
Яқинда Эрон ва Покистондан мамлакатимизга олиб кирилаётган картошкада хавфли, зарарли организмлар – олтинранг ва нимранг нематодалар билан зарарланиш ҳолатлари аниқланди.
Жумладан, Покистондан 160 тонна ва Эрондан 120 тонна импорт қилинган картошкада Ўзбекистонда карантин объектлари рўйхатига киритилган олтин рангли картошка нематодаси топилди. Картошканинг ушбу партиялари 14 та юк машинасида етиб келган.
Олтинранг ва нимранг нематодалар картошка ва бошқа турдаги полиз экинлари ҳосилдорлигини 80-90 фоизгача йўқ қилувчи хавфли организм ҳисобланади. Уларнинг бутун дунё миқёсида қишлоқ хўжалиги экинларига йиллик зарари 100 миллиард доллардан ортиши ҳисоблаб чиқилган. Келтирилган маҳсулотни фумигация ва бошқа тартиб-қоидалар билан зарарсизлантиришнинг имкони йўқлиги сабабли 3 525 тонна картошка экспорт қилувчи давлатларга қайтарилди, яна 775 тоннаси йўқ қилинди. Бундай ҳолатлар қайта такрорланса, Ўзбекистон Эрон ва Покистондан картошка импорт қилишни бутунлай тақиқлаши мумкин.
Ушбу мамлакатларнинг карантин органлари фитосанитария талаблари бузилганлиги ҳақида хабардор қилиниб, ҳолат бўйича икки давлатга эътирознома юборилди. Покистон касаллик аниқланган барча юкларнинг фитосанитар сертификатларини ўрганиб чиқиб, уларнинг қалбакилаштирилганини маълум қилди.
Ҳозирда аниқланган қонунбузарликларни бартараф этиш бўйича маслаҳатлашувлар ўтказилиб, Эрон ва Покистондаги фитосанитария талабларига мувофиқ картошка экспорт қилувчи корхоналар рўйхати тузилмоқда. Маълум бўлишича, Покистондан олинган картошка Aфғонистонда бошқа мамлакатларда етиштирилган картошка билан аралаштирилиб, озуқа сифатида фойдаланилган.
Эрон жорий йилда Ўзбекистонга картошка етказиб бериш бўйича етакчига айланди. Январь, июль ойларида бу мамлакатдан сабзавот маҳсулотлари импорти 119 минг тоннани (умумий импорт ҳажмининг 38,5 фоизини) ташкил этди. Қозоғистон иккинчи (85 минг тонна, 27,4 фоиз), Покистон учинчи ўринда (75,5 минг тонна, 24,4 фоиз).
Вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ахборот хизмати.
***
Р/s: Мамлакатимиз аграр тармоқда кенг имкониятларга эга бўлса, хусусан, картошка етиштиришда ҳам шароит етарли. Асосий ва такрорий экинлар режалаштирилганда ҳам аҳолининг маҳсулотга бўлган эҳтиёжи ўрганилиб, ундан ортган қисми захира ва экспортга чиқарилади. Шундай экан, хориждан бу каби хавфли сабзавот маҳсулотларини харид қилишни камайтириш фурсати етмадимикан?