Инновацион ҳудудда уруғ экадиган комбинациялашган қурилма синаб кўрилади

Аввал хабар қилганимиздек, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 1 апрелдаги Фармонига кўра, Ургут тумани “Инновацион ҳудуд”га айлантирилмоқда. Жумладан, бу ерда такрорий экинлар уруғини экадиган комбинациялашган қурилманинг саноат намунаси яратиляпти.

Туманда 520 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Бу эса экин ерларидан самарали фойдаланиб, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш заруратини тақозо этади.
"Бу масалани ҳал қилишнинг самарали йўлларидан бири - майдонларга такрорий экинларни экишдир, - дейди Инновацион ривожланиш вазирлиги вилоят инновацион ривожланиш ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси А.Норбоев, - Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали олимлари томонидан яратилган, такрорий экинлар уруғини экадиган комбинациялашган қурилмани ишлаб чиқаришга жорий этиш ушбу масалани самарали ечишга хизмат қилади.

Туманда 28 минг гектар майдон экин экишга мўлжалланган бўлса, шундан 8 минг гектарига такрорий экинлар экилади. Филиалда яратилган такрорий экинлар уруғини экадиган комбинациялашган қурилманинг саноат намунасини яратиш бўйича амалий лойиҳа қишлоқ хўжалигида асосий экиндан сўнг, шу йилнинг ўзида ҳосил берувчи ўсимликларни экишнинг сифатини оширишга қаратилган. Мазкур қурилманинг қўлланилиши сувнинг 17,3 фоиз тежалишига ва ёнилғи сарфининг 2,8 марта камайишига, меҳнат унумдорлигининг эса 25 фоиз ошишига олиб келади.