“Инсон қадри учун” тамойили: Муаммоларга ечим топиляпти

Аҳолини йиллар давомида қийнаб келган масалаларга жойида ечим топиш, муаммоларни тезкор ҳал этиш мақсадида мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан халқ билан мулоқот қилган ҳолда “маҳаллабай” тизими асосида иш олиб бориляпти. Натижада юртимизнинг олис ҳудудларида тўпланиб қолган муаммолар ҳал этилиб, инфратузилма янгиланмоқда, одамларнинг турмуш даражаси ошмоқда.

Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан тузилган республика ишчи гуруҳи аҳоли муаммолари ва ижтимоий-иқтисодий масалаларни жойларда ўрганиб, самарали ҳал этиш борасидаги фаолиятини 22-26 май кунлари Самарқанд вилоятида ҳам олиб борди.

Президент Администрацияси, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Халқ қабулхоналарининг масъул ходимлари, республика вазирлик, идора ва ташкилотлари ҳамда вилоят, туман ва шаҳар секторлари, соҳавий ташкилотлар раҳбарлари бошчилигидаги гуруҳлар аҳолининг мурожаатларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилган ишлар билан танишди. Жойларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун зарур чора-тадбирларни кўрди.

Жумладан, “Қизил ҳудуд”га киритилган маҳаллалар ҳолатини яхшилаш мақсадида ички тупроқ йўлларга тош-шағал ётқизиш бўйича 15 та маҳалладаги 66,6 километр йўллар танланиб, шағал-тош тўкилмоқда. Жумладан, Ургут тумани Мўминобод маҳалласида 5,6 километр, Нарпай тумани Нўғай маҳалласида 5,3 километр, Жомбой тумани Сарқипчоқ маҳалласида 3,9 километр, Паст Дарғом тумани Элбек маҳалласида 3,2 километр, Пахтачи тумани Қувондиқ маҳалласида 2,8 ҳамда Иштихон тумани Ўзбекқўрғон маҳалласида 2,5 километр ички йўллар шағал қилинди.

Бундан ташқари, вилоятдаги 135 километр узунликдаги автомобиль йўлларида таъмирланди.

Вилоят аҳолисига қўшимча 1220,5 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди. Электр таъминотини яхшилаш мақсадида 209 та темир-бетон таянчлар янгиланди ҳамда 9,1 километр янги тармоқ тортилди. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 2 километрга яқин тармоқ тортилди.

Тадбиркорликни янада ривожлантириш мақсадида йил бошидан буён 5396 нафар фуқаро ва тадбиркорлик субъектига 233,4 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилди. 124 нафар фуқарога тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун “Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси” маблағлари ҳисобидан субсидия асосида 506,8 миллион сўмлик тикув машиналари, мотокультиватор ва бошқа воситалар берилди.

Айни пайтда ҳудудларда бу борадаги ишлар давом эттириш мақсадида аниқланган муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилиш ва ҳал этиш учун ижро муддатлари ва масъуллар белгиланган ҳолда чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Амалга оширилаётган ишлар ҳар бир маҳалла кесимида таҳлил қилиб борилмоқда.