Инсон янада узоқ йил яшай оладими?
Нанороботлар бу саволга “Ҳа”, деб жавоб беради.
Кимдир сизга абадий яшашни ваъда қилса, бунга эҳтиёт бўлиб қараш керак. Гапни узоқдан бошлаймиз. Ҳали 1927 йилда совет академиги Александр Богомолецнинг ана шундай ваъдаси пуч бўлиб чиқди. У совет кишиси абадий яшаши мумкинлигини эълон қилди ва шахсан Сталинга биринчи бўлиб 160 йил умр кўришини айтди…
Академикнинг обрўси ошиб кетди. Дарҳол унга ишлаши ва шоҳона яшаши учун зарур барча шароитлар яратилиб берилди. Аммо кутилмаганда шуҳратга, пулга чўлғанганган кароматгўй 1946 йилда нариги дунёга равона бўлди. Сталин эса “Ана, холос, муттаҳам ҳаммани лақиллатиб, ўзи ўлиб қўя қолди”, деб аччиқланиб қолаверди.
Энди абадий яшаш ғоясини янги талқинига қулоқ тутинг. Америкалик футуролог ва ихтирочи Раймонд Курейтсвел одамзод 2030 йилдан кейин ўз умрини ҳар йили камида бир йилгача узайтириб бориши мумкинлигини ваъда қилмоқда.
Хўш, қандай қилиб? Ваъда эҳтиёткорона ва аллақандай илоҳий тахминга эмас, реал илмий техника тараққиётига асосланган. Хусусан, Куртсвейлнинг таъкидлашича, инсон организми нанороботлар ёрдамида мунтазам тикланиб борилади.
Микроскопик роботлар сунъий интеллект бошқаруви асосида қонимизга қўшилади. Уларнинг вазифаси органлар муаммоларини аниқлаш ва дарҳол бартараф этишдан иборат. Маълумки, ҳар қандай жиддий касалликни дарров аниқлашнинг иложи йўқ. Кўпинча улар жуда кеч белги беради. Қайси биримиз муддатида текширувдан ўтиб турамиз, дейсиз? Нанороботлар эса қонимизда организмни доимий назорат қилади. Содда қилиб айтганда, биз ҳар доим текширувда бўламиз ва салгина ўзгариш бўлса, нанороботлар шу заҳоти даволаб тиклайди.
Нанороботларнинг доимий тиббий назорати натижасида органларимиз хизмат муддати сезиларли узаяди, бу умримизга камида ўн йил қўшади, дейди тадқиқотчилар. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Эртами-кечми органлар барибир ишдан чиқади. Олимларни тахминича, уларнинг лабораторияда етиштирилган органлар ёки сунъийлари билан алмаштириш узоқ умрни таъминлайди. Бошқача айтганда, ақл-заковат, организм ҳаёт фаолияти тўлиқ сунъий танага кўчади. Афсуски, бу тез орада содир бўлмайди. Негаки, инсон умри сезиларли узайиши билан нафақага чиқиш муддатини белгилаш чигаллашади.
Т.Шомуродов тайёрлади.