Инсониятга сув танқислиги таҳдид соляпти
Носоз жумракдан бир кунда 24 литр томчиласа, очиқ жумракдан 150 литр сув исроф бўлади. Бу рақамларни кун ва ҳафталарга кўпайтирсакчи? Афсуски, инсонларнинг бепарволиги туфайли бебаҳо неъмат беҳуда исроф қилиняпти.
Сув хўжалиги вазирлиги, Европа иттифоқининг Марказий Осиё минтақасидаги экология маркази ва унинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамда “Сувчи” жамоат бирлашмаси томонидан Самарқанд шаҳрида вилоятдаги география, биология фанлари ўқитувчилари ва ОАВ вакиллари иштирокида ўтказилган давра суҳбатида шу жиҳатга эътибор қаратилди.
- Кейинги йилларда Самарқанд вилоятида маиший ва саноат чиқиндиларининг ошиб бораётгани кузатилмоқда, - дейди “Сувчи” жамоат бирлашмаси директорлар кенгаши раиси Т.Мажидов. - Масалан, вилоятда қаттиқ маиший чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши 10 фоиздан ортган ва бу кўрсаткич бўйича Тошкент ҳамда Наманган вилоятидан кейинги ўринда туради. Ундан ташқари, иқлим ўзгариши оқибатида сунъий ва табиий сув захираларининг камайиб бораётгани, ҳудудларда иссиқлик даражаси ошаётгани туфайли музликлар эриб, сувнинг парланиши кўпаймоқда. Демак, бу бебаҳо неъматни вақтида қадрламасак, яқин йиллар ичида инсоният сув танқислигига учраши мумкин.
Ҳусан ЭЛТОЕВ.