Институтни тугатишни эмас, уни ривожлантиришни ўйлашимиз керак

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Археологик тадқиқотларни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилганлигига гувоҳ бўлдик. Ушбу лойиҳадан англанишича, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Яҳё Ғуломов номидаги миллий археология марказини тузиш ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Яҳё Ғуломов номидаги Археологик тадқиқотлар институти негизида миллий марказнинг юридик шахс мақомига эга бўлмаган Самарқанд филиалини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин экан. Бу Археологик тадқиқотлар институти илмий жамоаси учун кутилмаган хабар бўлди. Чунки, биз қарийб 50 йил илмий фаолият олиб борган, кўплаб оламшумул кашфиётлар қилган ушбу институтни бутунлай йўқ қилиб, юридик шахс мақомига эга бўлмаган Самарқанд филиалига айлантириш таклифи кимдан чиққанлигидан бутунлай бехабармиз.

Тўғри, Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2019 йил 28 февраль - 1 март кунлари Наманган вилоятига ташрифи давомида республикамизда миллий археология марказини ташкил этиш ҳақида топшириқ берилган. Шунингдек, кенгайтирилган мажлисда “Археологик тадқиқотларда замонавий табиий фанларнинг услубларини қўллаш, Самарқанд шаҳридаги Археологик тадқиқотлар институти, Наманган шаҳридаги “Ахсикент” археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш ёдгорлик мажмуасини қамраб олган ҳолда, республика ҳудудидаги археологик тадқиқотларни мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Фанлар академияси тасарруфида миллий археология марказини ташкил этиш” ҳақида сўз юритилган. Аммо қарийб 50 йил мобайнида илмий фаолият юритиб, кўплаб кашфиётлар қилган, ўзининг шаклланган илмий анъаналарига эга бўлган, дунё археологлари орасида ҳам таниқли бўлган бир академик институтни йўқотиш ҳақида сўз юритилмаган.

Қолаверса, Ўзбекистонда миллий археология марказини ташкил этиш тўғрисида таклиф берганлар, ўз таклифларини янги, амалга оширилса муҳим самара берадиган таклиф сифатида берганлар. Археология илми билан яқиндан таниш бўлмаганлар буни катта янгилик сифатида қабул қилишлари мумкин. Лекин улар амалга оширимоқчи бўлган  кўп таклифлар Археологик тадқиқотлар институти жамоаси томонидан шу пайтгача амалга ошириб келинаётган вазифалар, холос.

Биз республикамизда Миллий археологик марказ тузишга қарши эмасмиз. Бу айни пайтда долзарб масала. Негаки, шу кунларда Ўзбекистонда Яҳё Ғуломов номидаги Археологик тадқиқотлар институтидан ташқари, ЎзФА санъатшунослик институти, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети, ЎзФА тарих институти, ЎзФА Ўзбекистон тарихи музейи, Термиз давлат университети, Хоразмдаги Маъмун академияси, Фарғона давлат университети,  Самарқанд давлат университети, Урганч давлат университети олимлари ҳам ҳар йили археологик тадқиқотлар олиб бормоқда. Бироқ бу ташкилотлар ўртасида ҳеч қандай координация йўқ, ким қайси ёдгорликни қазимоқчи бўлса, қазийверади. Ташкил этиладиган миллий археология маркази айнан шу муаммо билан машғул бўлиши лозим. Афсуски лойиҳада бу ҳақда ҳеч нарса дейилмаган. Республикамизда миллий археология марказини ташкил этиш ҳақида махфий таклиф ишлаб чиққанларнинг мақсадларини биз яхши биламиз. Улар бу орзуларини бир неча йиллардан буён ушалтириш мақсадида юрибдилар. Уларнинг фикрларича Археология институти гўёки Самарқандда бўлганлиги учун археология фани ривожланмаётган эмиш, институт Тошкент шаҳрига кўчирилса бирданига гуркираб ривожланиб кетиши мумкин эмиш. Бу шунчаки сафсата.

Археология институти Самарқандда фаолият кўрсатиб ҳам дунё археология марказлари ўртасида ўз обрў-эътиборига, ўрнига эга бўлди. Институт олимлари бугунги кунда Франция, Япония, Корея, Хитой, АҚШ, Россия, Италия, Польша, Германия каби давлатлардаги йирик университетлар, музейлар ва археология марказлари олимлари билан самарали ҳамкорликни давом эттириб келмоқда. 2018 йилда институт Жанубий Кореядаги Маданий мерос халқаро фондининг танловида иштирок этиб, 3 миллион 600 минг АҚШ долларилик грант соҳиби бўлди. Бу маблағга институтда энг замонавий илмий лабораториялар барпо қилиш, Ургут туманидаги антик ва илк ўрта асрларга оид Қулдортепа шаҳарчасини очиб, ўрганиш, очиқ осмон остидаги музейга айлантириш мўлжалланмоқда.

Археологик тадқиқотлар институти жойлашган манзил бугунги кунда хорижлик археологлар учун ҳам ҳар томонлама қулай маконга айланган. Улар шу ерда яшайдилар ва топган археологик артефактларни институт биносида сақлаб, илмий таҳлил қиладилар. Шу сабабли улар маблағ сарфлаб, институт биносида қулай омбор-лабораторияларини барпо қилганлар. Бугунги кунда Ўзбекистон-Хитой, Ўзбекистон–Франция, Ўзбекистон–Япония, Ўзбекистон–Америка, Ўзбекистон–Италия халқаро илмий экспедициялар омбор-лабораториялари барпо қилинган. Институтнинг ёпилиши эса халқаро илмий алоқаларга бевосита зиён етказиши аниқ.

Шундай вазиятда биз Археологик тадқиқотлар институтини ёпиб унинг ўрнига юридик шахс мақомига эга бўлмаган, 15 та ходим бор Самарқанд филиалини ташкил этсак кулгили холат юзага келмайдими? 

Шу ўринда айримлар, Археологик тадқиқотлар институти Самарқандда тугатилиб унинг ўрнига пойтахтда, янги миллий археология маркази сифатида ташкил этилганлиги яхши эмасми, деган саволни беришлари мумкин. Афсуски, бундай эмас. Маълумки, ҳар қандай илмий муаммони авволомбор кадрлар ҳал қиладилар. Археолог кадрларнинг асосий қисмини Самарқандда шаклланган ёшлар ташкил этади. Ўндан ортиқ ёш олимлар келажакка умид билан илмий тадқиқот олиб бормоқда. Агарда Самарқанддаги Археологик тадқиқотлар институти ёпилиб унинг вазифаси ва штатлари миллий археология марказига ўтса, бу ходимларнинг кўпчилиги кўчада қолади. Чунки уларнинг Тошкентда янги квартира олишга имконияти йўқ.

Ўз вақтида, 1969 йил Археология институтини Самарқандга кўчириш археология фанини 15-20 йилга орқага сурган эди. Энди Самарқанддаги институтни ёпиб уни Тошкентда янги ном билан ташкил этиш ҳам худди шундай ҳолатни юзага  келтиради.

Президентимиз Ш.Мирзиёев фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ бир неча марта олимлар билан учрашиб уларнинг йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларини ҳал қилиб бердилар, ёпиб ёки қўшиб юборилган илмий тадқиқот институтлари қайта очилди. Шу йиғилишларда, Президентимиз бир гапни қайта-қайта такрорлаб, “Шу пайтга қадар биз пухта ўйлаб кўрмасдан шошма-шошарликка йўл қўйдик. Энди олдинги хатоларни такрорламайлик”, деб айтдилар. Ярим аср мобайнида шаклланган, ўз илмий салоҳияти ва анъаналарига эга бўлган бир илмий-тадқиқот институтини йўқотишдан фойда йўқ.          

Хулоса қилиб айтиш лозимки, Тошкент шаҳрида миллий археологик марказни ташкил этиш Археологик тадқиқотлар институти жамоасидан сир тутилган ҳолда шошма-шошарлик билан тайёрланган.

Амриддин БЕРДИМУРОДОВ,

археолог