Интеллектуал мулк қонунчилигини тизимлаштириш керак

Кейинги йилларда фуқаролик қонунчилиги тизимида интеллектуал мулк ҳуқуқига оид қонунчилик таркибан янгиланди, интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг институционал асослари кучайтирилди, унинг давлат бошқаруви такомиллаштирилди, халқаро-ҳуқуқий нормаларнинг имплементацияси амалга оширилмоқда.

Айни вақтда мамлакатимиз интеллектуал мулк ҳуқуқига оид бир қатор халқаро конвенция ва шартномаларнинг аъзоси эканлиги бу соҳада изчил, алоҳида халқаро-ҳуқуқий сиёсат олиб боришни ҳам талаб этмоқда.

Умуман, бугунги кунда бутун дунёда интеллектуал мулк объектлари таркибини кенгайтириш, объектларга алоҳида ҳуқуқий режим бериш, ҳуқуқ эгалари манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини соддалаштириш орқали соҳа қонунчилигида кодификация жараёни олиб борилаётгани кўзга ташланмоқда.

Тараққий этган давлатлар тажрибасига кўра, ҳар бир мамлакат юқори иқтисодий ва ижтимоий даражага эришиш, жамиятда фаровонликни ошириш учун интеллектуал мулк муҳофазасининг кучли ҳуқуқий тизимига эга бўлиши, муаллифлар давлат томонидан қўллаб-қувватланиши лозим. Бошқача айтганда, интеллектуал мулк ҳуқуқий жиҳатдан кучли муҳофазага олинса, ихтирочилар ва ижодкорлар яратган объектлардан фойдаланишда муносиб ҳақ тўланса, соҳага инвестициялар жалб қилинса, шу орқали иқтисодиётни тараққий эттириш мумкин.

Шу маънода, Фуқаролик кодексининг интеллектуал мулк ҳуқуқига оид нормалари ва интеллектуал мулк ҳуқуқи билан боғлиқ ўндан ортиқ қонунлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни жамлаб, алоҳида янги кодексга киритиш вақти келди. Қонунлар сонининг кўплиги айрим нормаларнинг ҳар бир қонунда такрорланиши ёки умумий ҳавола йўсинидаги нормаларнинг юзага келишига олиб келиши мумкин.

Шунингдек, соҳага оид қонунлар илмий копцепцияси ихчамлашиб, янги кодексда яхлит илмий, назарий жиҳатдан асослаш мумкин бўлган норма ва қоидалар жамланиши мумкин. Асосийси, ҳуқуқни қўллаш амалиёти янада жадаллашиб, нормаларни шарҳлаш ва ҳужжатларда акс эттириш имкониятлари янада кенгаяди. Фуқаролик кодексида эса интеллектуал мулкка оид муносабатларни мувофиқлаштирувчи умумий нормалар бўлиши, асосий тамойил ва объектлар мақомини берувчи жиҳатлари белгиланса, етарли бўлади.

“Интеллектуал мулк кодекси”да соҳага оид халқаро-ҳуқуқий нормаларнинг ҳам акс этиши ижобий натижалар бериши мумкин. Интеллектуал мулкка оид халқаро нормалар янги кодексда имплементация қилиш, унификация қилиш ва уйғунлаштириш (гармонизация) орқали сингдирилади. Интеллектуал мулк ҳуқуқига оид халқаро ҳуқуқ нормаларини миллий қонунчиликка имплeмeнтация қилиш зарурати - халқаро ҳуқуқ нормаларининг миллий қонунчилик нормаларидан устунлигини таъминлаш, халқаро ҳуқуқ нормаларини суд амалиётида қўллаш мeханизмларини жорий қилишда катта аҳамият касб этади.

Интeллeктуал мулк ҳуқуқи соҳасидаги халқаро шартномаларни миллий қонунчиликка имплeмeнтация қилиш орқали миллий қонунчилик ва халқаро шартнома қоидалари бир хил бўлади ҳамда чeт эл элeмeнти билан мураккаблашган фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларида коллизион (тўқнаш) масалалар ўз ечимини топади.

Хулоса қилиб айтганда, интеллектуал мулк объектлари бугунги кунда фуқаролик муомаласига энг кўп киритиладиган, катта даромад манби бўлган, бутун иқтисодиёни ривожлантириш ва ишлаб чиқариш корхоналарини янги технологиялар кўринишида жиҳозлашга кўмаклашадиган, инсон тафаккурини ўзгартириш ва янги билимлар тарқатишга асосланганлиги билан ажралиб туради. Шунга кўра, интеллектуал мулк объектлари ва уларнинг яратувчилари бўлган муаллифлар ҳуқуқларини ягона “Интеллектуал мулк кодекси” орқали муҳофаза қилишга ўтишни даврнинг ўзи талаб этмоқда.

Бобоқул ТОШЕВ,

Юристлар малакасини ошириш маркази кафедра мудири, юридик фанлар доктори.