Инвесторларга бир қатор имтиёзлар берилади
Республикамизда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокида амалга оширилаётган лойиҳаларга (киритиладиган инвестиция ҳажмига кўра) бир қатор имтиёзлар берилган.
Жумладан, ер солиғи, мол-мулк солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлашдан озод этиш тарзидаги солиқ имтиёзлари берилади. Солиқ имтиёзлари тўғридан-тўғри шахсий хорижий сармоялар қуйидаги ҳажмда жалб этилганда тақдим этилади:
- 300 минг АҚШ долларидан 3 миллион АҚШ долларигача - 3 йил муддатга;
- 3 миллион АҚШ долларидан ортиқ ва 10 миллион АҚШ долларигача - 5 йил муддатга;
- 10 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлганда - 7 йил муддатга.
Ташқи савдо сиёсати амалга оширилаётганда илгари тўланган божхона божини қайтариш, божхона божи ставкасини пасайтириш ва божхона божини тўлашдан озод этиш тарзида тариф имтиёзлари берилишига йўл қўйилади.
Божхона божидан озод этиш тарзидаги тариф имтиёзлари қуйидагиларга нисбатан берилади:
- Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига кўра, халқаро молиявий ташкилотлар ва хорижий ҳукуматнинг молиявий ташкилотлари томонидан берилган қарзлар (кредитлар) ҳисобидан, шунингдек, грантлар ҳисобидан юридик шахслар томонидан божхона ҳудудига олиб кириладиган товарларга;
- устав фондида (устав капиталида) чет эл инвестицияларининг улуши камида ўттиз уч фоиз бўлган чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар томонидан улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан икки йил давомида ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун божхона ҳудудига олиб кириладиган мол-мулкка;
- чет эллик инвесторлар, чет эллик инвесторлар билан тузилган меҳнат шартномаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида турган чет давлатлар фуқаролари ва Ўзбекистон Республикасидан ташқарида доимий равишда яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг шахсий эҳтиёжлари учун божхона ҳудудига олиб кириладиган мол-мулкка;
- Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётига умумий суммаси 50 миллион АҚШ доллари эквивалентидан ортиқ бўлган тўғридан-тўғри инвестицияни амалга оширган чет эллик юридик шахслар томонидан божхона ҳудудига олиб кириладиган товарларга, башарти олиб кирилаётган товарлар уларнинг ўз ишлаб чиқариш маҳсулоти бўлса;
- маҳсулот тақсимотига оид битим бўйича ишлар олиб бориш учун мўлжалланган ва лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ маҳсулот тақсимотига оид битим бўйича ишларни бажаришда иштирок этаётган чет эллик инвестор ёки бошқа шахслар томонидан божхона ҳудудига олиб кириладиган товарларга, шунингдек, инвестор томонидан божхона ҳудудидан олиб чиқиладиган, маҳсулот тақсимотига оид битимга мувофиқ инвесторга тегишли бўлган маҳсулотга.