"Ипак йўли" туризм халқаро университетида инглиз тили курслари очилди

Туризмда алоқа муҳим ўрин эгаллайди, шу сабабдан чет тилини амалий билиш туризм соҳасидаги бўлажак мутахассисларнинг касбий фаолиятида муҳим аҳамият касб этади.

“Ипак йўли” туризм халқаро университетида талабалар, ходимлар, шунингдек, туризм соҳаси вакиллари учун интенсив инглиз тили курслари ташкил этилмоқда.

Ёз ойлари университетда инглиз тили ойлари, деб эълон қилинди. Шунингдек, университет ходимлари учун интенсив инглиз тили курслари ташкил этилди. Айни вақтда 23 кишидан иборат бўлган гуруҳда дастур бўйича интерактив онлайн дарслар ўтказилмоқда. Дарсларни Токио университети ва Гакугеи университети (Япония), Калифорния давлат университети (АҚШ) каби олийгоҳларида фаолият олиб борган, халқаро тажрибага эга мутахассис-ўқитувчи Алишер Камилов олиб бормоқда.

Шуниси эътиборлики, масофавий дарслар эҳтиёрий равишда мутлақо бепул ўтказилмоқда.

Наргиза АБДУВОҲИДОВА.