Иқлим ўзгаришининг иш жараёни, ходимлар фаолиятига таъсири борми?

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетида 28 апрель – Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни муносабати билан “Иқлим ўзгаришининг меҳнат муносабатларига таъсири ва уларнинг инновацион ечимлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари Х.Тўхтаев, вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси, Касаба уюшмалари федерацияси вилоят кенгаши вакиллари, Беларусь, Туркия, Покистон, Қозоғистон каби давлатлари ва республикамиздаги 9 та олий ўқув юртларининг олимлари, соҳага алоқадор ташкилотлар, шунингдек, ишлаб чиқариш корхоналаридаги меҳнат муҳофазаси етакчи мутахассис ходимлари иштирок этди.

Анжуманда сўзга чиққанлар ҳамжамият эътибори иш жойларида содир бўлаётган оқибати оғир ва енгил, шунингдек, ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодисаларнинг, касб касалликларининг олдини олишга қаратилаётганлигини таъкидлади.

- Ҳозирги кунда ўзгарувчан об-ҳаво шароити меҳнат соҳасига, айниқса, ходимлар хавфсизлиги ва соғлиғига сезиларли даражада таъсир кўрсатади, - деди СамДАҚУ меҳнат муҳофазаси ва саломатлик муҳандислиги кафедраси мудири Зикрилла Ясаков. - Иқлим ўзгариши сабабли касбий хавф-хатарларга иссиқлик стресси, ультрабинафша нурланиш, ҳавонинг ифлосланиши, йирик саноатдаги авария ҳолатлари, экстремал об-ҳаво ҳодисалари, трансмиссив касалликлар кўпайиши ва кимёвий моддалар таъсири кучайиши эҳтимоли катта.

Юқори ҳарорат юрак-қон томир ва нафас олиш тизими касалликлари туфайли ўлимга олиб келиши ҳам мумкин. Иқлим ўзгариши, айниқса, очиқ ҳавода ёки иссиқ хоналарда ишлайдиган одамларга кўпроқ хавф туғдиради.

Иқлим ўзгариши даврида меҳнат муносабатлари муаммолари анжуманда батафсил муҳокама қилинди. Бахтсиз ҳодисалар сабаблари таҳлил қилинди. Қурилиш соҳасида хавфсиз иш шароитини яратиш, ишчи ходимларнинг меҳнат муҳофазаси маданиятини шакллантириш асослари бўйича тегишли хулосалар берилди.