Иқтидорли ёшлар эътиборсиз қолмайди

Кейинги йилларда мамлакатимизда ёш йигит-қизларни раҳбарлик лавозимлари ва масъулиятли жойларга тайинлаш амалиёти яхши самара беряпти. Айниқса, давлат органларининг вилоятдаги олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик ўрнатиши талабаларда бошқарув кўникмасини шаклллантириш баробарида идора ва ташкилотларни ҳам ишчан, билимли кадрлар билан таъминлашга ёрдам беряпти.

Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”да белгилаб берилган устувор вазифаларнинг амалга оширилишини таъминлаш, иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни давлат хизматига фаол жалб қилиш мақсадида вилоят ҳокимлиги томонидан 2020-2023 йилларда вилоятдаги олий ўқув юртларини битирувчиларидан танлов асосида саралаб олинган 1809 нафар иқтидорли битурувчилар вилоят ҳокимлиги истиқболли кадрлар захирасига олинди.

Вилоят ҳокимлиги тавсиясига асосан, захирага олинган ушбу ёшларнинг 848 нафари (46,9 фоизи) давлат идораларида, 380 нафари (21 фоизи) хусусий секторда фаолият олиб бораётган бўлса, 252 нафари (14 фоизи) илмий фаолиятини давом эттирмоқда. Қолган 223 нафар захирага олинган истиқболли кадрлар турли соҳаларда фаолият кўрсатиб келмоқда.

Вилоят ҳокимлиги уларнинг иш фаолиятини такомиллаштириш, босқичма-босқич лавозимга тайинлаш ва бошқа ёшларга шахсий намуна бўлишлари учун тегишли шарт-шароитлар яратиш ишларини тизимли йўлга қўйган. Бу борадаги лойиҳа дастлаб Самарқандда тажриба тариқасида, кейин эса республикамизнинг барча ҳудудларида жорий этилаётганлигини эътироф этиш мумкин.

Айни пайтда вилоят ҳокимлиги истиқболли кадрлар захираси интеллектуал жиҳатдан салоҳиятли ва фуқаролик позициясига, мустақил дунёқарашга эга ёш лидерлар қатламини, бир сўз билан айтганда, иқтидорли ёшлар орасидан янги авлод захира кадрларини шакллантиришнинг замонавий модули сифатида қаралмоқда. Бу ҳаракатлар аввало, ёшларнинг катта ҳаётга қадам қўйишида уларни ҳар томонлама ривожлантириш, қийинчиликларни осон енгиб ўтиши, ўз соҳасининг етук мутахассиси сифатида шаклланишида пойдевор вазифасини ўтаб келмоқда.

Ушбу ишларни тизимли давом эттириш мақсадида шу йил олий таълим муассасаларини битираётган 518 нафар иқтидорли битирувчилар рўйхати шакллантирилиб, 27 май - 4 июнь кунлари олий таълим муассасларида ушбу иқтидорли битирувчилар билан учрашувлар ўтказилди. Учрашувларда иқтидорли битирувчи талабаларнинг келажакдаги режалари билан яқиндан танишилиб, уларнинг давлат хизматига бўлган муносабати ҳамда олган илмини Ватан тараққиёти йўлида сафарбар қилиш лозимлиги бўйича мулоқотлар ўтказилди.

Учрашувларда битирувчиларнинг барча саволларига батафсил жавоб берилиб, илмий фаолиятини давом эттирмоқчи бўлганлар ва ўз бизнесини ташкил қилмоқчи бўлган иқтидорли ёшлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши билдирилди.

Бундан ташқари, Самарқанд шаҳридаги Президент мактабининг 24 нафар битирувчи ёшлари билан ҳам учрашув ташкил қилиниб, уларнинг келгуси фаолияти ва режалари ҳақида очиқ мулоқот ўтказилди.

Умуман олганда, бугунги кунда 2375 нафар иқдорли ёшлар вилоят ҳокимлигининг истиқболли кадрлар захирасига олинган. Уларнинг камолга етиши ва малакали давлат хизматчиси бўлиб шаклланиши юртимиз тараққиёти ва миллий манфаатларимизга хизмат қилади.

Беҳзод РАҲМАТУЛЛАЕВ,

вилоят ҳокимлиги ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари.