Иқтисодчи минбари: Сув муаммосини қандай юмшатиш мумкин?
Сув муаммоси йилдан-йилга чуқурлашиб бораётган шароитда Ўзбекистон учун тежамкор технологиялардан бошқа муқобиллар мавжуд эмас.
Кеча Савдо-саноат палатасида банклар, кластерлар ва шу соҳага дахлдор қатор идораларнинг иштирокида ўтган йиғилишга таклиф этишганди. Ўзимгаям қизиқ бўлгани учун четроқдан жой олиб, томонларнинг баҳсларини тингладим. Эътиборлиси, бунда Савдо-саноат палатаси ўзига хос медиаторлик қилди. Эшитганларим ва кузатганларим бўйича айрим хулосалар билан бўлишсам.
Биринчидан, кластерлар сув билан боғлиқ вазият тобора оғирлашиб бораётгани ва пахтачиликда томчилатиб, ғаллачиликда ёмғирлатиб суғоришга ўтиш заруриятини чуқур англаб туришипти. Лекин бу ўта харажатли вазифа экани мотивацияни сусайтирмоқда. Шу сабабли кафиллик шартнома шартларини келишиб олишни исташяпти. Бу қанчалик тўғри ёки нотўғри эканлигига тўхталиб ўтирмайман.
Иккинчидан, банклар (бу ўринда асосан "Агробанк") тежамкор технологияларни кредитлар ҳисобидан молиялаштиришга тайёр. Лекин бу борада рисклар жуда баланд. Банкирлар фермер ва кластерларнинг қарз юки ошиб бораётгани, ликвидли таъминот таклифи йўқлиги, тежамкор технологияларни жорий қиладиган субъектларнинг аҳволи янада оғирлашиши мумкинлигидан хавотирда. Илгари шу мақсадда олинган кредитларнинг катта қисми муддати узайтирилгани таъкидланди.
Учинчидан, тежамкор технологияларни ўрнатган ва муваффақиятга эришган ёки зарарга кирган фермерларнинг бу бўйича фикрлари қизиқ эди. Лекин учрашувда фермерларнинг ё уларнинг вакиллари иштирок этмади.
Тўртинчидан, мутасаддилар позициясида тежамкор технологияларга ўтишда маъмурий-бюрократик йўлдан юришга мойиллик сезилади. Менимча, энг катта хато ҳам шу ерда.
Назаримда, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғоришда, айтайлик, қуёш панелларини ўрнатишдаги кампаниябозлик сингари иррационалликка йўл қўйилиши хатарлари мавжуд. Умид қиламанки, Савдо-саноат палатаси медиатор ўлароқ шу эҳтимолий хатолар ҳақида қарор қабул қилувчиларига батафсил маълумот етказади.
Шахсий фикрим шуки, тежамкор технологияларга қанча тез ўтишни бошласак, шунча яхши. Лекин бу жараён ихтиёрийлик, иқтисодий самарадорлик ва бозор қоидалари асосида кечиши керак. Бунинг учун асосий мотивацияни аллақачон энг қиммат ресурсга айланган сувнинг реал нархи белгилаши зарур. Сувнинг асл нархига рўпара келган кластер ва фермерни тежамкор технологияга ўтишга мажбурлашга асло ҳожат қолмайди.
Отабек Бакиров,
иқтисодчи.