Иқтисодий онг ва иқтисодий тафаккурни ривожлантиришда таълимнинг роли қандай?

Замонавий ахборотлашган маконда иқтисодий онгни шаклантириш ва уни ривожлантиришда таълимнинг роли беқиёс. Айнан таълим иқтисодий онгни шакллантиришнинг, фаровон ҳаётга эришишнинг бебаҳо омилидир.

Ушбу ҳақиқатни инкор этиш, кундалик амалиётда унга риоя қилмаслик, иқтисодий саводхонликни оширишга  етарли даражада эътибор бермаслик, ўз-ўзимизни қолоқликка, ночор ҳаётга, иқтисодий тараққиёт карвонининг охирги бўғинларида судралиб юрувчи мамлакатга айлантиришга маҳкум этиш билан баробар. Иқтисодий муаммоларни ҳал этишда иштирок этаётган шахснинг таълим даражаси, билими, иқтисодий саводхонлиги қанча юқори бўлса, унинг мамлакат иқтисодий тараққиётига қўшаётган ҳиссаси ҳам шунчалик кўп бўлади.  

Аммо бугунги кунда мамлакатда аҳоли иқтисодий онгини замон талаблари даражасига кўтариш муаммоларини бартараф этишга етарли эътибор берилмаяти, уларни ечишда хато ва камчиликларга йўл қўйиляпти.

Кейинги йилларда инглиз тилини мукаммал билиш магистратурага киришнинг асосий шарти қилиб белгиланди: магистратурага киришга даъвогарлик қилган ёшлар инглиз тилини мукаммал билиши, яъни махсус IELTS ёки шунга тенглаштирилган сертификатга эга бўлиши шарт. Ушбу тадбир таълим соҳасининг ривожланишига, унинг сифати ошишига, ёшларимиз тафаккурининг кучайишига позитив таъсир кўрсатдими?

Фараз қилайлик, муайян олий ўқув юртида, жорий ўқув йилида 155 нафар магистрантларни ўқишга қабул қилиш режалаштирилган эди, лекин амалда 40 нафар ёш йигит-қиз ўқишга қабул қилинди, холос. Ушбу ҳолатнинг асосий сабаби – талабгорларда инглиз тилидан мукаммал билими борлигини тасдиқловчи махсус ҳужжатнинг талаб қилинаётганлиги. Бу – модомики инглиз тилини билмайсанми, сен иқтисодчи бўлишга лойиқ эмассан, дегани. Аслида ҳам шундайми? Ўйлаймизки, кучли иқтисодчи бўлиш учун инглиз тилини мукаммал билиш шарт эмас. Айни пайтда, касбий тайёргарлиги эътиборга олинмай, фақат инглиз тилини мукаммал билганлиги учунгина иқтисод бўйича магистратурага қабул қилинган талабгорнинг келажакда кучли, истеъдодли иқтисодчи бўлиб шаклланиши мумкинлигига кафолат бериш жуда қийин. Лекин, айнан шу важ билан бўлажак потенсиали юқори, иқтидорли номзод ўрнатилган тартибдаги танловдан ўтмай қолиб кетган бўлиши мумкинлиги ҳам эҳтимолдан  холи эмас.

Бўлажак олий маълумотли иқтисодчининг инглиз тилини мукаммал билим соҳиби бўлишини истасак, инглиз тилини билишини уни магистратурага киришининг эмас, балки битиришининг, яъни диплом олишининг асосий шарти қилиб белгилаш ҳам мумкин. Унда талабгорнинг магистратурада ўқиши унинг инглиз тилини ўрганиши билан бирга, параллел тарзда кечади.

Иқтисодиёт соҳаси бўйича магистратурани битирган ёшлар учун инглиз тилининг катта аҳамияти борлигини инкор этмаган ҳолда, биринчи галда, ушбу йўналиш бўйича магистратурага номзод танлашда уларнинг иқтисодий саводхонлиги, тафаккур қилиш қобилияти бош мезон бўлиши кераклигини таъкидламоқчимиз.

 

Иқтисодий тафаккурни ривожлантиришнинг имкониятлари чексиз, ундан унумли фойдаланиш - зарурат

Иқтисодий онг иқтисодий тараққиётнинг пойдевори, устуни бўлса, иқтисодий тафаккур инсон иқтисодий онгини янги билим, янги ғоя, янги назариялар билан бойитишнинг, демак, иқтисодий онгни янги поғоналарга кўтаришнинг калити. Агар иқтисодий онг барча инсонларга хос хислат бўлиб, кишилар фақат унинг ривожланганлик даражаси билан ўзаро бир-биридан фарқланса, иқтисодий тафаккур, бундан фарқли ўлароқ, фақат айрим истеъдодли кишиларгагина Яратган насиб этган  ноёб ва нодир фазилатдир.

Иқтисодий тафаккурни иқтисодий юксалишнинг бош омилига айлантиришнинг оддий формуласи қуйидагидан иборат: тўқ-фаровон ҳаёт кечириш мақсадида ижтимоий-иқтисодий тараққиётга эришиш учун, бошқачароқ, бугунгидан яхшироқ ишлашимиз керак. Бунинг учун эса олдингидан бошқача фикрлашимиз, янгича ўйлашимиз, иқтисодий жараёнларнинг туб моҳиятини тўла идрок этишимиз, инновацияларни кенг жорий қилишимиз, иқтисодий онгимизни янада юқорироқ даражаларга  кўтармоғимиз лозим.       

Кишилик жамияти иқтисодий ҳаёти кўҳна тарихига диққат билан назар ташлар эканмиз, у қанчалик мураккаб ва, айни пайтда, қай даражада прогрессив тараққиёт йўлини босиб ўтганлигига амин бўламиз. Инсон жамият тараққиётининг дастлабки босқичларида унга табиат фақат тайёр ҳолда берган, текин инъом этган ноз-неъматлар ҳисобидан яшаб, ҳаёт кечирди: ёввойи ҳайвонларни овлаш, ёввойи мева ва ўсимликларни териш, ғор ва тепаликларда бошпана топиш... Лекин фақат инсонгагина хос иқтисодий онг ва иқтисодий тафаккур уни йўқчилик ва иқтисодий қийинчиликлар чангалидан қутқариб, осойишта ҳаёт, мўл-кўлчилик ва фаровонлик  сари етаклади. Натижада у табиатдаги барча ночор, итоаткор тирик жонлилар сафидан ажралиб чиқиб, унинг ҳукмронига, табиий жараёнларнинг ҳақиқий ва тўлақонли назоратчисига айланди. Агар инсонда иқтисодий онглаш қобилияти ва унинг ривожланишига туртки берувчи тафаккур юритиш қудрати бўлмаганда эди, у барча табиат мавжудотлари сингари, табиатнинг инжиқликлари ва катаклизмлари олдида ожиз тирик жонлилар галасига айланиб қолиши муқаррар эди. Бугунги кунда инсон табаиатни ўзига буйсундириш, унга бевосита таъсир кўрсатиб, ўзининг ҳаётий эҳтиёжлари учун зарур бўлган турли-туман ноз-неъматларни катта миқдорда ишлаб чиқариш шарафига муяссар бўлди.

Кишилик жамияти иқтисодий тараққиёти жараёнида содир бўлган ушбу воқеликларнинг содир бўлишига сабаб бўлган, инсонни йўқчилик ва табиат олдидаги ожизлик гирдобидан халос этиб, уни иқтисодий мўл-кўлчилик ва фаровон ҳаётга олиб чиққан қудратли куч нима? Албатта инсонга Яратган инъом этган англаш, идрок этиш, таҳлил қилиш, тафаккур юритиш қобилияти. Яратган инсонга,  бир томондан, беҳисоб ер ости ва ер усти табиий бойликларини ҳадя этди, яъни имконият яратиб берди, иккинчи томондан эса ушбу имкониятдан оқилона, унумли фойдаланиш учун унга иқтисодий онг ва иқтисодий тафаккурни инъом қилди.

Инсон ўзининг иқтисодий тафаккур юритиш қобилияти ёрдамида иқтисодиёт соҳасидаги амалий тажрибаларни умумлаштириб, уни юксак назарий даражаларга кўтарди.

Лекин, биз юқорида баён этилганларни иқтисодий тафаккурнинг инсон ҳаётини фақатгина тараққиётнинг бугунги юқори чўққиларига олиб чиққанликдаги муҳим ролини очиб бериш учун эмас, балки унинг кишилик жамияти порлоқ келажагини таъминлашда ҳали рўёбга чиқмаган чексиз имкониятлари ҳам мавжудлигини таъкидлаш учун баён қилдик.

Илму-фан кишилик жамияти ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг чегара билмас омилидир. Бугун инсон эришган иқтисодий тафаккур, унинг эвазига олинган моддий ва маънавий бойликлар кишилик жамияти иқтисодий тараққиётининг охирги нуқтаси эмас. Инсон иқтисодий тафаккури ҳам бепоён коинот мисол чексизликка интилади. Ушбу омил токи ер юзида инсон ва унинг ҳаётий эҳтиёжлари бор экан, иқтисодий тараққиётга ўзининг кучли таъсирини кўрсатишда давом этаверади. Унинг келажакда инсонни иқтисодий тараққиётнинг, осойишта, фаровон ҳаётнинг қай даражаларига олиб чиқиши мумкинлигини бой  фантазиямиз ҳам тўла тасаввур қилишга ожизлик қилади. Лекин бугун бир нарсани ҳеч шубҳасиз аниқ айтиш мумкинки,  у ҳеч қачон тўхтаб қолмайдиган узлуксиз жараён, чунки инсон ҳар қандай оғир вазиятда ҳам ҳаёт унинг олдига қўйган энг мураакаб, ноординар иқтисодий муаммонинг самарали ечимларини излайди. Бунга унинг юксак иқтисодий тафаккури ишончли таянч бўлади.

Хулоса қилиб айиганда, кишилик жамияти тараққиётининг ҳозирги босқичида иқтисодий тараққиётда, нодир иқтисодий ресурслардан самарали фойдаланиш эвазига, жаҳон хўжалигида пешқадамлик қилаётган, иқтисодий жиҳатдан кам ривожланган ҳамда иқтисодий қолоқ мамлакатлар ҳисобидан беҳисоб бойликларни ўзлаштираётган Ғарб давлатларининг ютуқлари улар иқтисодий тафаккурининг чексиз имконияларидан унумли фойдаланганликлари билан белгиланади. Демак, Янги Ўзбекистонни дунёнинг иқтисодий жиҳатдан ривожланган давлатларидан бирига айлантириш, иқтисодий тараққиётнинг юқори чўққиларини забт этиш, авваламбор, иқтисодий тафаккурнинг ҳозирги кунда мамлакатлараро чексиз имкониятларидан унумли фойдаланиш пойгасида устунликка эришиш билан боғлиқ. Бу эса ўзимизга, фақат ўзимизга, онгимиздаги иқтисодий билим ва кўникмаларни кенгайтиришга, иқтисодий тафаккурнинг улкан имкониятларини иқтисодий тараққиётнинг етакчи омилига айлантира билиш, тўла сафарбар қилиш қобилиятимизга боғлиқ.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда мамлакат ташқи айланмасида экспорт-импортнинг йўналишлар бўйича таркибий тузилишини такомиллаштириш борасида оқилона сиёсаб олиб борилмоқда. Натижада экспорт таркибида хомашё товарларининг улуши кекин қисқариб  (маслан, пахта), импорт таркибида машина ва жиҳозларнинг улуши кескин ошди (масалан, машина ва жиҳозлар). Мамлакатнинг хомашё ресурсларини қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот сифатида четга экспорт қилиш сиёсати Ўзбекистонга четдан импорт қилинадиган замонавий машина, ускуна ва жиҳозлар улушини кескин оширишни тақозо этди. Ушбу сиёсат Ўзбекистон миллий иқтисодиётини юксалтиришнинг биринчи босқичида ўзининг ижобий самарасини берди: ҳар бир хомашё сарфлари эвазига олинадиган қўшилган қиймат миқдори кўпайди. Лекин у мамлакатни дунёнинг иқтисодий устун ривожланган давлатлари қаторидан муносиб ўрин эгаллашни мўлжалга олган макроиқтисодий сиёсати талабларига жавоб бермайди.

М.Муҳаммедов,

М.Пардаев,

СамИСИ профессорлари.

(Давоми бор)