Ис гази билан боғлиқ воқеалар ортидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бир гуруҳ ходимлари Самарқандга келди
Эндиликда Самарқанд вилоятида юзага келиши мумкин бўлган кўнгилсиз вазиятларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар кучайтирилган тартибда олиб борилмоқда.
Хабарингиз бор, сўнгги вақтларда нафақат Самарқанд, балки республиканинг кўплаб ҳудудларида ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ аянчли ҳолатлар кузатилмоқда.
Жумладан, 29 октябрда Ургут туманида содир бўлган фожиа — она ва унинг икки нафар вояга етмаган фарзанди ис газидан заҳарланиб вафот этгани барчани жунбушга келтирди.
Бугун Самарқанда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ишчи гуруҳи сектор раҳбарлари, маҳалла раислари ҳамда ҳамкор ташкилотлар иштирокида ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш борасида йиғилиш ўтказди.
Унда ис газидан заҳарланишнинг келиб чиқиш омиллари ва салбий ҳолатлар юзага келишини олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни кучайтириш масалалари муҳокама этилиб, амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар қатъий белгилаб олинди.
Шунингдек, вазирлик ишчи гуруҳи билан ҳамкорликда маҳаллаларда, таълим муассасаларида ва аҳоли хонадонларида ис газидан заҳарланишни олдини олишга қаратилган профилактик-тарғибот тадбирлари олиб борилди.