Ис гази балоси: Нарпай туманида ҳам бир оила қурбон бўлган
Zarnews манбасига кўра, 22 октябрь куни Нарпай туманида содир бўлган фожиа оқибатида бир оиланинг тўрт нафар аъзоси ис газидан заҳарланиб вафот этган.
Вилоят прокуратурасининг zarnews`га аниқлик киритишича, туманнинг Нарпай маҳалласида яшовчи фуқаро Ж.С., турмуш ўртоғи ва 2 нафар фарзанди яшаш уйида мурдаси ташқи томонидан тан жароҳатларсиз топилган. Ўрганишларга кўра, улар ис газидан заҳарланиб ҳалок бўлган.
Маълум қилинишича, хонадонда қўлбола газ печидан фойдаланилган.
Шу куни туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси, яъни ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш бўйича жиноят иши қўзғатилган.
Мазкур модданинг 2-қисми "а, б" банди билан юритилаётган жиноят иши тергов ҳаракатларини ўтказиш учун туман ИИБга юборилган.
Эслатиб ўтамиз, ушбу воқеадан бир ҳафта ўтиб, Ургут туманининг Чумчуқли маҳалласида аянчли ҳодиса юз бериб, аёл ва унинг икки нафар вояга етмаган фарзанди ис газидан вафот этганди. Кўплаб ОАВларда бу ҳақда хабарлар тарқалган.