Самарқандда 18 киши ис газидан заҳарланиб ҳалок бўлган. Оқдарёда газ баллон нега портлаган?

Ўтган йили ис гази билан боғлиқ етти ҳолатда 18 киши ўлимига сабаб бўлган.  2020 йилда ҳам қарийб шундай рақамлар қайд этилган.

Бу маълумотлар вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Илҳом Исмоилов иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.

Заҳарланишга сабаб нима?

Қайд этилишича, аксарият ҳолларда иситиш қурилмаларидан нотўғри фойдаланиш оқибатида турли кўнгилсизликлар юз бермоқда.

Масалан, қишлоқ жойларда уйларни иситиш учун ўтин ёки кўмир ёқилғиси ишлатилади. Бироқ оддий мўриконларни тозалаш сингари техник талаблар бажрилмайди.

Шунингдек, аслида пишиқ ёки овқат тайёрлаш учун мўлжалланган газ печлари уйларни иситиш учун узлуксиз ёқиб қўйилади.

Аслида 2021 йилдаги ис гази билан боғлиқ ўлим ҳолатлари ҳам айни шу жараёнда юзага келган. Яъни, аксарият ҳолатларда печлар ёниқ ҳолда назоратсиз қолдирилган. Оқибатда ис гази туфайли йил давомида 18 киши бевақт кўз юмган.

Муаммога ечим борми?

Аслида биринчи навбатда ҳар бир инсон муаммога теран нигоҳ билан қараса, яъни онгли равишда носоз иситиш воситаларидан фойдаланмаса ҳамда тегишли техник талабларга риоя қилса кифоя.

Таассуфки, вилоятдаги 779 минг хонадоннинг ҳар бирига кириб-чиқиш ёки улар билан индивидуал суҳбат ва профилактик тадбир ўтказишга фавқулодда вазиятлар бошқармасининг имконияти етмайди.

Ис гази фақат аҳолининг ўзига боғлиқми?

Албатта, заҳарланиш қайд этилмаслигида техник талаблар бирламчи. Аммо бунда ФВБ билан бирга бошқа мутасаддилар, хусусан, жамоатчилик фаоллари ва ОАВнинг ҳам ўрни бўлиши керак.

Қайд этилишича, кўп қаватли уйларда ҳар мавсум олдидан газга мослаштирилган қурилмалар зарур кўрикдан ўтказилиш шарт. Бироқ бу вазифа газтаъминот корхонаси мутахассислари томонидан тўлиқ бажариляпти, деб бўлмайди.

Шунингдек, газлашмаган ҳудудларда тарқатилаётган баллонлар тегишли стандартларга жавоб бериши, белгиланган муддат давомидагина фойдаланилиши кераклигини кўпчилик билмайди.

Табиийки, бу ўринда соҳа ходимлари билан бирга фаоллар ва ОАВ тушунтириш-тарғибот, ўз навбатида назорат тадбирларини ўтказиши лозим.

Билишимиз, назорат қилишимиз шартми?

Мутахассисларнинг қайд этишича, бугунги кунда истеъмол бозорида уйда ис гази пайдо бўлиши билан жўмракни беркитувчи қурилмалар сотувга қўйилган.

Аммо кўпчилик бу масалага бепарво қарайди. Ваҳоланки, ривожланган давлатларда ҳам эҳтимол шарт бундай қурилмадан фойдаланилади.

Мутахассислар бу борада жамоатчилик назорати ҳам муҳим эканлигини алоҳида таъкидлади. Негаки, биргина аҳолига суюлтирилган газ баллонлари сифати ва уларга қай тартибда қуйилаётганини мунтазам ўрганиб боришга давлатнинг куч ва имконияти етарли эмас.

Қолаверса, тадбиркорлик субъектларида ўрганиш ёки мониторинг тадбирларини доим ҳам ташкил қилиб бўлмайди. Бундай енгиллик оқибатида айрим тадбиркорлар тегишли тартибга риоя қилмаслиги кузатиляпти. Оқдарё туманида қайд этилган газ баллони портлаши ҳам бунга яққол мисол бўла олади.

Ёқубжон Марқаев.