Самарқандда ҳаво экскурсиялари йўлга қўйилади

Вилоятнинг туризм салоҳиятини янада ошириш, сайёҳлар учун замонавий ва жозибадор хизмат турларини жорий этиш мақсадида янги туризм йўналишлари ташкил этилмоқда.

Хусусан, вилоят туризм бошқармаси томонидан Самарқандда ҳаво экскурсияларини йўлга қўйиш бўйича “Uzbekistan Helicopters” МЧЖ билан келишувга эришилди.

Вилоят туризм бошқармаси бўлим бошлиғи Суҳроб Эргашевнинг таъкидлашича, корхона раҳбари Ҳ.Утамов билан ўтказилган музокаралар давомида ҳаво экскурсияларининг техник ва ташкилий жиҳатлари, хавфсизлик талабларига қатъий риоя этиш, парвоз маршрутлари ва жадвали, шунингдек, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун хизматлар пакетини шакллантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинган.

Лойиҳа доирасида вилоятнинг тарихий обидалари, табиий манзаралари ва туристик ҳудудларини вертолёт орқали ҳаводан томоша қилиш имконини берувчи йўналишлар таклиф этилиши режалаштирилмоқда.

Тажриба тариқасида Самарқанд халқаро туризм маркази аэродром сифатида белгиланиб, Самарқанд шаҳри, Жомбой, Пайариқ ва Нуробод туманлари бўйлаб парвозлар амалга оширилади. Кейинчалик талабдан келиб чиққан ҳолда парвоз йўналишларини кенгайтириш кўзда тутилган.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг март ойидан вилоят бўйлаб ҳаво экскурсияларини ташкил этиш режалаштирилган. Мазкур лойиҳа вилоятда туризм хизматлари турларини диверсификация қилиш, сайёҳлар оқимини ошириш ҳамда ҳудуднинг туристик жозибадорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.