Ишчи хотин-қизлар спортда беллашди
Самарқанд шаҳрида Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг вилоят кенгашининг тармоқ тизимида фаолият кўрсатаётган шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари, Самарқанд давлат тиббиёт университети ва вилоятда фаолият кўрсатаётган йирик ташкилотларда ишловчи хотин-қизлар ўртасида волейбол бўйича “Саломатлик спорт мусобақаси” ўтказилди.
“Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак-Ватанмиз” деган ғоя асосида ташкил этилган спорт мусобақасида 200 нафарга яқин хотин-қизлардан иборат жамоалар иштирок этди.
Ташкил этилган мусобақада саломатлик посбонлари нафақат спорт беллашувда танишишди, балки ўзаро тажриба ҳам алмашиш имкониятига бўлди.
- Ўтказилган тадбир баҳонасида бу каби спорт мусобақалари келгусида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва мутасадди ташкилотлар билан доимий равишда ўтказиб борилиши айтилгани бизни қувонтирди, - дейди Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг вилоят кенгаши раиси Ж.Очилов. - Мусобақа турлари ва иштирокчилари кўлами кенгайиб боравериши ҳамда бу каби тадбирлар соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.
Мусобақада 20 та жамоа икки гуруҳга бўлиниб баҳс олиб борди. Муросасиз кечган беллашувда Пахтачи туман тиббиёт бирлашмаси жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Тойлоқ туман тиббиёт бирлашмаси жамоаси эса иккинчи ўринни банд қилди. Учинчи ўрин Булунғур ҳамда Нарпай туман тиббиёт бирлашмалари жамоаларига насиб этди.
Ғолиблар вилоят кенгаши томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, мусобақа ҳамкорлари ва мусобақани ўтказишда яқиндан кўмак берган мутасаддиларга ташаккурномалар берилди.