Ишониш қийин аммо, Иштихонда "Обод қишлоқ" маблағсиз қурилмоқда
“Обод қишлоқ” дастури асосида жорий йилда вилоятимизнинг 14 туманидаги 42 қишлоқда ичимлик суви, ижтимоий соҳа, ички йўллар, транспорт, газ таъминотини яхшилаш борасида ишлар олиб борилиши белгиланган. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурида белгиланган вазифалар ижроси учун жами 308 миллиард 841 миллион сўм маблағ йўналтириш режалаштирилган. Йилнинг асосий қисми ортда қолди. Хўш, ўтган вақт давомида дастур ижроси қай даражада бажарилди?
Вилоят молия бошқармаси маълумотларига кўра, ҳозиргача ушбу дастур ижроси учун 175 миллиард 356 миллион сўм маблағ ажратилган, бу эса белгиланган маблағнинг 57 фоизини ташкил этади. Дастурга йўналтирилган маблағнинг 71 фоизи республика ва 36 фоизи маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига тўғри келмоқда. Иштихон туманида Шейхларкент, Халқобод ва Бўстон қишлоқлари “Обод қишлоқ” дастурига киритилган ва бу ерда белгиланган вазифалар ижроси учун жами 20 миллиард 119 миллион сўм маблағ режалаштирилган. Дастур асосида 3 та умумтаълим мактаби, 2 тадан мактабгача таълим ташкилоти ва қишлоқ оилавий поликлиникаси, 41 километр йўлларни таъмирлаш, электр энергияси, газ таъминотини яхшилаш, савдо ва маиший хизмат шохобчалари қуриш белгиланган.
- Ҳозиргача йўл қуриш, сув қудуқлари, ирригация тармоқларини таъмирлаш, электр ва газ таъминоти, бекатлар қуриш ижтимоий соҳа ва аҳоли хонадонларини таъмирлаш борасидаги ишлар деярли якунига етказилди, - дейди туман ҳокимлиги бош мутахассиси Акмал Рўзиқулов. – Маиший хизмат кўрсатиш объектларида ҳам сўнгги ишлар олиб борилмоқда. Лекин белгиланган маблағ ҳамон ажратилмаганлиги боис қурилиш-таъмирлаш ишларини қурилиш корхоналари ўз ҳисобидан амалга оширмоқда. Масалан, тасдиқланган режага асосан туманимизда “Обод қишлоқ” дастури учун 20 миллиард 119 миллион сўм маблағнинг 10 миллиард 275 миллион сўмини республика бюджетидан, 9 миллиард 844 миллион сўмини маҳаллий бюджетдан ажратиш белгиланган. Лекин белгиланган маблағнинг бор-йўғи 43 фоизи молиялаштирилган, холос. Дастурга киритилган қишлоқларда саломатлик, таълим ва мактабгача таълим ташкилотларини таъмирлаш учун 9 миллиард 273 миллион сўм маблағ режалаштирилган бўлса-да, ҳозиргача 2,6 миллиард сўм, яъни режанинг 28 фоизи миқдорида маблағ ажратилган.
3 минг 200 дан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган Халқобод қишлоғи туман марказидан 6 километр узоқликда жойлашган. Дастур асосида 2 миллиард 700 миллион сўм маблағ ҳисобидан 784 ўринга мўлжалланган мактаб биносининг ташқи қисми, том, эшик-ромлари янгиланган, қўшимча 6 та синфхона қурилган. Электр симлари янгиланган, кўмирга мослаштирилган қозонхоналар ўрнатилмоқда. “Иштихон мега бетон” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари қисқа муддатда 100 қатновга мўлжалланган икки қаватли замонавий қишлоқ оилавий поликлиникасини бунёд этишган. Жамият иш бошқарувчиси Саъдулла Ўроқовнинг айтишича, бино қурилиши 1 миллиард 800 миллион сўмга белгиланган, ҳозир иситиш тизими ва сўнгги пардозлаш ишлари олиб борилмоқда, аммо ҳалигача маблағнинг 10 фоизи ҳам берилмаган. Барча ишлар жамиятнинг ўз маблағи ҳисобидан бажарилмоқда.
Шейхларкент қишлоғида аҳолиси фарзандларининг таълим олиши учун дастур асосида 215 ўқувчига мўлжалланган 84-умумий ўрта таълим мактаби биноси қурилиб, сентябрь ойидан иш бошлабди. Аммо синфхоналарни кўздан кечирганимизда керакли ўқув жиҳозларини учратмадик. Ўқувчилар тупроқли майдонда жисмоний тарбия дарсини ўтяпти, спорт зали йўқ. Бундан ташқари, кимё, физика, биология синфхоналарида ҳам лаборатория жиҳозларисиз дарс ўтиларкан.
- Маҳалламизда 427 та хонадон, 2100 нафар аҳоли бор, - дейди Шейхларкент маҳалла фуқаролар йиғини раиси Рустам Мавлонов. – Дастур асосида мактаб ва мактабгача таълим ташкилоти, 123 та кам таъминланган аҳоли хонадони таъмирланди, эски симёғочлар янгисига алмаштирилди, тунги ёриткичлар ўрнатилди. 9,6 километр ички йўллар таъмирланди, ҳунармандчилик устахонаси, ҳаммом, маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси ва сув иншооти қурилди. Маҳаллий ҳокимлик маблағлари ҳисобидан 3 та кам таъминланган оила уй-жойини таъмирлаш учун керакли қурилиш материаллари ажратилди.
Маҳаллада яшовчи 72 ёшли Момохол Сунниеванинг хонадони ҳам ҳокимлик кўмагида таъмирлаб берилди. 10 киши истиқомат қиладиган оила уй-жойини таъмирлаш учун маблағ орттира олмаётганди, ҳомийларнинг кўмаги билан хонадони таъмирланганидан онахон хурсанд.
Туманда “Обод қишлоқ” дастурига киритилган объектларнинг аксариятида белгиланган маблағ ажратилмаганлиги боис қурилиш ишлари режадан ортда қолмоқда. Бажарилган ишларнинг катта қисми тадбиркор ва ҳомийлар, аҳоли маблағлари, ҳашар ва хайрия тадбирлари ҳисобидан амалга оширилмоқда.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).