Ишониш қийин: гўдаклигида бир-биридан ажратилган эгизаклар бир хил ҳаёт кечирган

Эгизаклар бир-бирига нафақат ташқи томондан, балки саломатлиги, тақдири ва бошқа жиҳатлари билан ҳам ўхшар экан. Буни америкалик ака-ука Жимларнинг ҳаёт йўли тасдиқлаб берди.

Икки эгизак ака-ука Жим Льюис ва Жим Спрингернинг 1979 йилда учрашганлиги ҳақидаги ҳикоя Огайо штатининг «Лима Ньюс» нашри томонидан чоп этилган. Ўша пайтда эркаклар 39 ёшда эди. Бир-биридан бехабар фарзанд асраб олувчи ота-оналари уларга берган бир хил исмдан ташқари, уларнинг ҳаётида тасодифлар шунчалик кўп бўлганки, кейинчалик уларни ўрганган олимлар “Агар ҳамма нарсани ўз кўзларимиз билан кўрмаганимизда, ҳеч қачон ишонмаган бўлардик”, деб айтган.

Америкалик эгизаклар Жим Льюис ва Жим Спрингер атиги уч ҳафталик бўлганида, 15 ёшли онаси рад жавобини ёзган, болалар ажратилиб, уларни турли оилалар асраб олган. Льюиснинг онаси ўғлига унинг акаси борлиги ҳақида гапириб берган, Спрингернинг онаси эса ё бундан бехабар бўлган, ё у ёлғон гапириб, укаси вафот этганини айтган.

Жим Льюис акасини топишга журъат этгунга қадар деярли 40 йил ўтди. “Нима учунлигини билмайман, вақти келгандек туюлди”,  тан олди 39 ёшли эркак.

Эгизаклар бу учрашувни ҳаётларидаги энг муҳим ва ҳаяжонли лаҳзалардан бири деб таърифладилар. Кейин эса мантиқан тушунтириб бўлмайдиган нарсалар содир бўла бошлади: бир-бирларига айтиб берган ҳикояларида эгизаклар деярли бир хил ҳаёт кечирганликларини тушуниб олишди. Уларнинг ҳаёт йўлидаги фактлар шу қадар мос тушдики, у илмий тадқиқот мавзусига айланди.

Иккала Жим ҳам икки марта уйланган. Биринчи марта улар ҳаётларини Линда исмли қизлар билан боғлашди. Кейинчалик, иккаласи ҳам ажрашган ва бу сафар Бетти исмли қизларга уйланишган. Иккаласи ҳам деярли бир хил (исмларда фақат бир ҳарф фарқ қилган) Жеймс Алан ва Жеймс Аллан исмли ўғилларининг отаси бўлган. Болалигида иккаласининг ҳам Той исмли ити бўлган. Бу ҳаммаси эмас.

Биродарлар бир хил сигаретларни афзал кўриб, жуда кўп тамаки истеъмол қилган. Иккови ҳам кўк Chevrolet автомобиль ҳайдаган ва бўш вақтларини дурадгорликка бағишлаган. Улар Флоридадаги бир пляжда дам олган, иккаласи ҳам мигрень бош оғриғи касаллигидан азият чеккан ва тирноқларини тишлаш каби ёмон одати бўлган. 39 ёшга тўлгунга қадар Спрингер икки марта юрак хуружини бошдан кечирган, укаси эса ўша пайтда юрак хасталиги гумони билан касалхонага ётқизилган.

 Албатта, бу воқеа тезда бутун Америка бўйлаб тарқалди ва олимлар унга қизиқиш билдира бошлади. Ака-укалар турли тажрибаларни ўтказишга рози бўлишди, тажрибалар эгизаклар шахсиятини генетика камида 50 фоизга олдиндан белгилаб қўйганлигини кўрсатди. Жуда ажойиб, шундай эмасми?

Ҳозирда улар 80 ёшда, бир-бирлари билан яқин мулоқот қилишади ва бир-бирларини топишга қарор қилишганидан жуда мамнун.

Жим Льюис ва Жим Спрингер ҳодисаси 1979 йилда фан тарихида психологияни ўзгартирган қирқта тадқиқотдан бири  - MISTRA лойиҳасини бошлашга туртки бўлди.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.