Ишсиз ёшлари йўқ маҳалла қаерда?

Таҳлилларга кўра, мебель сотиб олиш кўп йиллик товарлар орасида уй харид қилишдан кейинги иккинчи ўринда туради. Мебель хариди динамикаси аҳоли турмуш даражасини ҳам белгилайди.

Жаҳон иқтисодиётидаги глобал мойилликларнинг кўпчилиги айнан узоқ муддатли фойдаланиладиган товарлар бозорларига киради. Мебель бозори шундай бозорлар сирасидан.

Ўзбекистон хорижга ёғоч ва металлдан ишланган мебелларни сотади. Экспорт мебелидаги асосий харидорлар Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Миср, Туркия ва Россия ҳисобланади. Ўзбекистонда кейинги йилларда мебель экспорти ва импортининг ортишига бир неча ижобий омиллар сабаб бўлмоқда.

Бироқ ҳозирча республикамизда мебель экспортидан кўра импорти юқорилигича қолмоқда.

Аҳоли турмуш даражасининг ортиши ва мебелсозлик саноати маҳсулотларига бўлган талабни қондириш, республикадаги мебель ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, халқаро стандартларга жавоб берадиган ҳамда ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош мебель маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида жорий йил 21 июнда Президентимизнинг “Республика ҳудудларида мебелсозлик саноатини ривож­лантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мебелсозлик - маҳалла драйвери

Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатимизда (қўшниларни ҳам ҳисобга олганда) мебель маҳсулотлари бозори 2,5 миллиард долларга тенг. Лекин республика бўйича 5,5 мингта мебель корхонасидан 1,5 мингтаси аҳоли хонадонларида жойлашган бўлиб, уларни саноатлаштириш орқали камида мингта лойиҳани амалга ошириш мумкин. Қарорга асосан, республикамиздаги 15 та туман, жумладан Паст Дарғом тумани (Қорағуппа маҳалласи) ҳам мебелсозликка мослаштирилади. Бу туманларда кластер шаклидаги мебелчилик кичик саноат зоналари ташкил этилиб, 200 миллион долларлик 450 та лойиҳа жойлаштирилади ва камида 7,5 мингта янги иш ўрни яратилади. Мазкур кичик саноат зоналаридаги ишлаб чиқариш майдонларига эгалик қилишнинг мажбурий шарти кичик саноат зонасининг бош режасига асосан мебель ва унинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқариш ҳамда реализация қилишдир.

Қарорга кўра, жорий йил 15 июндан бошлаб 2021-2024 йилларда йиллик тушумида тайёр мебель маҳсулотлари экспортидан тушум улуши камида 30 фоизни ташкил қиладиган маҳаллий корхоналарнинг хомашё импорти учун сарфланган транспорт харажатининг 50 фоизи;

2024 йил 1 январга қадар мебель маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган экспорт қилувчи корхоналарга мебель маҳсулотларини барча давлатларга, шу жумладан қўшни давлатларга экспорт қилишда автомобиль ва темир йўл ташиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ маҳсулот экспорт қийматининг автомобилда 5 фоиз, темирйўлда 7 фоизидан кўп бўлмаган миқдорида;

2023 йил 1 январга қадар мебель ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган хомашё, эҳтиёт қисмлар, фурнитура ва аксессуарлар импортида божхона божининг ноль ставкаси қўлланилади ва бу харажатлар Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қопланади.

Қорағуппада ишсиз йўқ

Давлат раҳбарининг қарорига асосан Паст Дарғом тумани Қорағуппа маҳалласида ҳам кластер усулида мебелчилик кичик саноат зонаси ташкил этилмоқда.

- Маҳалламизда 4 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади ва уларнинг 2100 дан ортиғини аёллар ташкил этади, - дейди Қорағуппа маҳалла фуқаролар йиғини раиси Тўлқин Шарипов. – Аҳолининг катта қисми корхона-ташкилотларда ишлайди. Уй шароитида касаначилик, ҳунармандчилик, савдо ва хизмат кўрсатиш, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик ва тадбиркорликнинг бошқа соҳаларида ишловчилар кўпа­йиб бормоқда. Шунингдек, 695 хонадон 286,5 гектар томорқа майдонида иссиқхона, чорва, парранда, асалари, балиқ, қуён боқишни йўлга қўйган. Иш билан бандлик юқори бўлгани учун маҳалламизда кам таъминланган оилалар деярли қолмади, ажримлар кескин камайди, оилавий жанжаллар ҳам сезиларли равишда пасайди. Асосийси, ишсизлик муаммоси бартараф этилди. Бу айтишга осон, аммо қишлоқларда аҳоли бандлигини таъминлашнинг ўзи бўлмайди. Кўп йиллар аввал бизда ҳам ёшларимиз ишсизликдан қийналишарди. Кейин маҳалламиздаги усталар шогирдлар тайёрлаб шу ерда мебелсозлик цехларини ташкил этишди. Шу тариқа деярли ҳар бир хонадонда мебель ясаш билан шуғулланишди. Ҳозир маҳалламизда 70 дан ортиқ мебель ясовчи усталар бор. Уларнинг ҳар бири 5-10 нафардан ёшларга шу касбни ўргатмоқда. Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи чоғида берган топшириқлари ва 2021 йил 21 июндаги “Республика ҳудудларида мебелсозлик саноатини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан маҳалламиз ҳудудидан 5 гектар ер майдони ажратилиб, мебелсозлик кластери ташкил этиш белгиланди. Шу пайтгача тадбиркорлар уй шароитида кичик устахонада мебель ясаётган бўлса, эндиликда ўз ишлаб чиқариш цехларида фаолиятни давом эттириш имконияти яратилди. Бу ҳам ёшларимизнинг тадбиркорликка бўлган қизиқишини ошириб, аҳоли даромадлари ортишига хизмат қилади.

Ёшларнинг иши тайин

Маҳалланинг энг ёш тадбиркорларидан бири Рифат Қаршиев 24 ёшда. У қарийб 10 йилдан буён мебель ясайди. Буюртма асосида тайёрланадиган 10 турдан ортиқ бежирим мебеллар вилоятимиздан ташқари пойтахт бозорларидан ҳам ўрин оларкан. Ёш бўлишига қарамай ўн нафарга яқин тенгдошларини иш билан таъминлаган. Бундай уста тадбиркорлар эса маҳаллада кўпчиликни ташкил этади.

- Дастлаб бозорда мебель олди-соттиси билан шуғуланганмиз, - дейди уста тадбиркор Жўрабек Ҳасанов. – Кейин мебелларни ўзимиз ишлаб чиқариш фик­ри туғилди ва 4-5 йил аввал усталарга шогирд тушиб, ҳунарни ўргандим. Хомашёни маҳаллий бозорлардан, қоплама матоларини Тошкент шаҳри орқали Хитойдан оламиз. Ҳозир уйда ҳафтасига 2-3 тадан буюртмани бажарамиз. Маҳалламизда мебелчилик кластери ташкил этилса, ер олиб ишлаб чиқаришни кенгайтириш ниятидамиз.

Шу маҳалладаги “Шаҳриёр Элёр Абдуваҳоб” оилавий корхонаси раҳбари Шаҳриёр Қодиров уч нафар шогирди билан биргаликда ҳафтасига 2-3 та сифатли мебель жиҳозлари ясайди.

- Маҳалламиздаги мебелчи усталарга 2 йил шогирд бўлиб шу ҳунарни ўргандим ва уйдаги омборхонада укам ва ўртоғим билан иш бошладим, - дейди Шаҳриёр Қодиров.  – Ҳозир яна уч нафар шогирд олдим. Ясаётган буюмларимиз хориж мебеллари билан рақобатлаша олади. Ҳозир 100 квадрат метрга яқин жойда ишлаяпмиз. Энди фаолиятни ҳам, цехни ҳам кенгайтирмоқчимиз.

Маҳаллада бўлганимизда кўчаларда бекор юрган кишини учратмадик. Бундай ёшлар эса истиқболда ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиб, мебелсозликда шахсий брендларини яратишига умид қиламиз.

Ўктам Худойбердиев,

Бахтиёр Мустанов (фото).