Иштихон туманида талаб даражасида транспорт хизмати кўрсатилаяптими?
Ҳисоботлардан бу саволга «ҳа», деган жавобни олиш мумкин. Негаки, туманда 5 та корхона шу турдаги фаолият билан шуғулланади. Жумладан, «Алишоҳ транс» масъулияти чекланган жамиятининг 5 та автобуси Самарқанд шаҳридан Иштихон тумани марказигача қатнайди.
Самарқанд шаҳрига келиб-кетадиган иштихонликлар учун “Шер эффект” масъулияти чекланган жамиятининг 3 та «Ласетти», 5 та «Нексия» русумли автомашиналари ҳам хизмат кўрсатмоқда. Бундан ташқари, жамиятнинг 10 та «Дамас» русумли автомобили Иштихон – Халқобод – Гузон йўналишида, яна 8 та шундай автомобили эса Иштихон - Краит йўналишида қатнаб турибди.
- Ҳадемай 553-йўналишда, яъни Самарқанддан Иштихонга қатновчи 8 та 14 ўринли микроавтобуслар қатнови йўлга қўйилади, - дейди транспорт бошқармасининг шаҳар ва туманлардаги транспорт сектори бош инспектори Феруз Қаҳҳоров. - “Иштихон элит транс” масъулияти чекланган жамияти томонидан харид қилинаётган ушбу микроавтобусларнинг биринчи рейси эрталаб соат 6:30 да Иштихондан йўлга чиқади. Навбатдагилар 20 минут оралиқ вақтда ҳаракатни бошлаб, охирги рейс Самарқанддан соат 19:00 да йўлга тушади.
Бу янгилик ўз йўлига, аммо кишини бошқа масала ўйга толдиради. 200 мингдан ортиқ иштихонликлар Самарқандга бормоқчи бўлса бор-йўғи 5 та автобус ёки 8 та енгил машиналар хизматидан фойдаланишадими? Йўқ, албатта. Иштихондан Самарқандга келиш учун ёки аксинча бўлганда ўнлаб автомашина хизматга шай турганига гувоҳ бўласиз (автобусини кўриш қийин).
Лекин нега уларни тегишли тартибда рўйхатдан ўтказиб, қонуний фаолият кўрсатишларини таъминлаш ҳеч кимнинг хаёлига келмайди? Ушбу йўналишни тендерда ютиб олган корхона (ёки корхоналар) Самарқанд - Иштихон йўналишида ноқонуний қатнаётган енгил автомашиналарга лицензия бергандан кўра бермагани фойдалироқми? Уларни назорат қилувчи транспорт бошқармаси қайси ҳолатда кўпроқ манфаат кўради? Энг муҳими, шу йўналишда қатнайдиганларга қонуний киракашлар кўпайгани яхшими ёки ноқунийларининг хизматидан фойдаланиш қулайроқми?
Бу саволларга жавоб бериш мутасаддилар ва бошқа тегишли ташкилотларнинг масъулияти ҳамда ҳафсаласига ҳавола.