Иштихонда аҳолининг бир неча муаммоси ҳал этилди

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Ботир Парпиев куни 8 январь куни Иштихон туманидаги қатор маҳаллаларда бўлиб, “Маҳалла раиси - ислоҳотчи” тамойилини амалиётга жорий этиш, аҳоли муаммоларини аниқлаш ва тезкор ҳал қилишда маҳалла ходимларининг ролини оширишга қаратилган ишлар таҳлили билан танишди.

Ўрганишлар давомида тумандаги “Тойтуёқ” маҳалласи Хўжақўрғон қишлоғида яшовчи фуқаролар билан учрашиб, билдирилган таклифларга асосан, маҳалладаги 500 метр яроқсиз йўлга тез фурсатда тош ётқизилди. Учрашув давомида ҳудуддаги “Оқдарё” сув омборида сув сатҳи март-апрель ойларида кўтарилиши натижасида қатнов йўли тўсилиб қолаётганлиги тўғрисида маҳалла аҳолиси томонидан билдирилган муаммони бир ҳафта муддатда ҳал этиш бўйича масъулларга зарур кўрсатмалар бериб ўтилди.

Туманнинг Боғихон ва Бўронхўжа маҳаллаларида яшовчи 100 га яқин фуқаро билан бўлиб ўтган суҳбат давомида аниқланган муаммо - йўл масаласи ижобий ечим топди. Шу куннинг ўзида Боғихон маҳалласи ичидаги 2 километр, Бўронхўжа маҳалласининг Қорачувал қишлоғидаги 1,2 километр йўл тош ва шағал текисланди.

Шунингдек, Боғихон ҳамда Тойтуёқ маҳаллаларидаги ижтимоий кам таъминланган аҳоли вакиллари учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди, унда 93 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди. Зарбанд маҳалласидаги 105 та, Бўстон маҳалласидаги 177 та, Гулобод маҳалласидаги 105 та, Шайхислом маҳалласидаги 105 та, жами 492 та эҳтиёжманд оилага суюлтирилган газ баллонлари тарқатилди. 23 та фуқаронинг бандлиги таъминланди, 9 нафари бўш иш ўринларига жойлаштирилди, 14 нафарига ўзини ўзи банд қилиш бўйича зарур кўмак кўрсатилди.