Иштихонда оилавий тадбиркорлар, ҳунарли хотин-қизлар кўпайиши учун нима қилиняпти?

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова Иштихон туманида сайёр қабул ўтказди. Унда туманда яшовчи хотин-қизларнинг мурожаатлари ўрганилди.

Шундан сўнг З.Маҳкамова туман ҳокими Ф.Рўзиев ҳамроҳлигида бир неча хонадонларда бўлиб, оилалар, хусусан, хотин-қизларнинг турмуш тарзи, фаолияти билан қизиқди.

Aбдулла Туропов оиласи Халқобод маҳалласи Бодай қишлоғидаги оддий оилалардан бири. Aбдулла ака анча йилдан буён асаларичилик билан шуғулланиб келади. Ўғли, неварасини ҳам ёнига олиб, уларга бу фаолият сирларини ўргатган. Оилага қўшимча даромад келаётгани туфайли хонадон обод.

Навбатдаги манзил Шейхлар маҳалласидаги 4-умумтаълим мактаби бўлди. Бу ерда хотин-қизларга бичиш-тикиш маҳоратини ўргатиш мақсадида тикув цехи фаолияти йўлга қўйилган. Ҳозирда 30 нафар хотин-қиз тикув цехида ҳунар ўрганиб, сертификат олган. Муҳими, уларнинг барчаси иш билан таъминланган. Қўмита раиси тикувчи хотин-қизлар билан яқиндан суҳбатлашиб, уларнинг муаммоларини тинглади, таклифларига кўра кўмак беришини айтди.

З.Маҳкамова туманда “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган эҳтиёжманд оилалар тақдири, уларни қўллаб-қувватлаш учун яратилаётган имкониятлар билан ҳам қизиқди. “Дафтар”дан чиқариш учун тумандаги масъул идоралар амалга ошираётган лойиҳалар, амалий ишлар билан яқинлан танишди ва бу борада зарур тавсиялар берди.

Иштихон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.