Иштихонда - "Оққўрғон тажрибаси"

Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан тузилган Республика ишчи гуруҳи томонидан Иштихон туманида аҳоли муаммолари ва ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий масалаларни ўрганиш ва ҳал этиш бўйича «Оққўрғон тажрибаси» асосида ишлар ташкил этилмоқда.

Ишчи гуруҳлари томонидан тумандаги маҳаллаларда, ижтимоий ва бошқа соҳа объектлари ўрганилмоқда. Туманда сув, газ ва электр таъминоти, ички йўллар ҳолати, мактабгача таълим, транспорт хизмати соҳаларида мавжуд муаммоларни ҳал этиш мақсадида қатор ижобий ишлар амалга ошириляпти.

Хусусан, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ҳамда унинг Самарқанд ҳудудий филиали томонидан тумандаги Сўғот маҳалласидаги Ширин қишлоғида электр узатиш тармоқлари янгиланмоқда. Қишлоқ ҳудудидаги мавжуд 118-трансформатор пунктига қўшимча 250 кВли янги трансформатор пункти ҳамда ҳаво электр узатиш тармоғига 100 дона темир бетон устунлари ўрнатиляпти. Шунингдек, мазкур электр узатиш тармоғининг 3,5 км.га замонавий кабеллар тортилмоқда.

Айни пайтда аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича Тошкент вилояти Оққўрғон туманида жорий қилинган тажриба асосида туманда аҳоли билан мулоқотнинг янгича тизими доирасидаги ўрганишлар давом этмоқда.