Иштихонда “Пенсияга чиқарувчи, пенсия пулини ошириб берувчи” фирибгар қўлга тушди

Иштихон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими катта терговчиси Ғулом Достоновнинг “Иштихон овози” газетаси таҳририятига хабар беришича, мўмай пул эвазига “пенсияни ошириб” ҳамда “пенсияга чиқариб” беришни ваъда бериб, фирибгарлик қилган фуқарога нисбатан тергов ҳаркатлари олиб борилган ва туман жиноят ишлари бўйича судига юборилган.

Маълум қилинишича, Пайариқ тумани Саноат маҳалласи, Қийра қишлоғида яшовчи, 1982 йилда туғилган Ж.А. ўзини Иштихон тумани молия бўлими ходими, деб таништириб, одамларни чув туширишни мақсад қилган.

Айбланувчи Ж.А. дастлаб Иштихон тумани Гулобод маҳалласи, Шоназар қишлоғида яшовчи Х.Э.дан пенсиясини ошириб бериш эвазига жами 2 500 000 сўм олишга муваффақ бўлади. Шундан сўнг ўзининг жиноий ҳаракатини давом эттирган шаввоз “пенсияни кўтариб бериш” ваъдаси билан ушбу маҳаллада яшовчилар -  Х.Э.дан 350 000 сўм ва 200  АҚШ доллари, Н.Н.дан 400 000 сўм ва 200 АҚШ доллари, Р.Қ.дан 3 000 000 сўм пулларни фирибгарлик йўли билан олиб, ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборган.

Ж.А. аввал ҳам шунга ўхшаш жиноят содир этиб, унга суд ҳукми билан 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси таъйинланган ва муддатидан олдин шартли равишда жазодан озод этилган.