Иштихоннинг машҳур қурутлари
Иштихон туманидаги Чинортепа маҳалласи мазали қурутлари билан тилга тушган. Бу ерга Сурхондарё, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларидан чакки келтирилади. Тайёрланган қурутлар эса водий вилоятларига етиб боради.
Ушбу маҳаллада яшовчи тадбиркор, “Отабек Жамшидбек маҳсулотлари” оилавий корхонаси раҳбари Ҳабибулла Сулаймонов бу ишнинг ҳадисини олган.
- Бундан йигирма йиллар аввал, атроф туманларга, баъзида эса бошқа вилоятларга чакки олиб келиш учун эрталабдан йўлга отланардим, - дейди Ҳабибулла ака ишни йўлга қўйгунча ўтган қийинчиликларни эслаб. - Бу ишни бошлаганимда ўзимизнинг шахсий чорвамиздан олинган чаккини, бироздан сўнг қўни-қўшнининг чаккисини йиғиб, қурут қилиб, атроф бозорларга сотардик. Секин аста шу иш билан аввалдан шуғулланаётган кишилар билан маслаҳатлашиб, фаолиятимизни кенгайтиришга эришдик.
Қурутчиликни тирикчиликдан тадбиркорликка айлантирган Ҳабибулла аканинг ишига барака кириб, аввал оиласи, сўнг қўни-қўшнини шу ишга жалб қилди.
- Фарзандларимни ҳам тадбиркорликка ўргатдим, - дейди тадбиркор. – Аввалига атроф туманлардан чакки келтириб, шу яқин ҳудудларда сотувни йўлга қўйдик. Кўп ўтмай водийлик тадбиркорлар билан иш бошладик. Улар билан буюртма асосида ишлаяпмиз. Ҳозирда тайёрланаётган маҳсулотнинг асосий қисмини харид қилади. Буюртмалар ошиб бориши билан фақат оилавий ишлашимиз етарли бўлмай қолди. Сўнг ишлаш истагидагида бўлган қўни-қўшни, маҳалладошларни ишга жалб қилдик. Кооперация асосида маҳаллалардаги ўндан зиёд оилага қорилган яримтайёр маҳсулот етказиб берамиз. Улар уй шароитида қурут тайёрлайди, меҳнатига яраша ҳақ олади. Бир киши ўртача 60-70 минг сўм даромад қилиш имкони бор. Бир оилада тўрт киши шу иш билан шуғулланса, ҳам уй-рўзғор ишини қилиб, ҳам кунлик 200-250 минг сўм атрофида даромад топади.
Ҳар бир маҳсулотнинг истеъмол мавсуми бўлади. Қурутнинг мавсуми ҳам яқин. Қизиғи унинг энг катта истеъмолчиси болалар экан. Мактабларда ўқиш бошланиши билан қурут савдоси жонланиб қолиши ҳам шундан.
- Биздан олиб кетаётган қурутни асосан водий бозорларида сотишади, қадоқлаб, қўшни мамлакатларга экспорт қилувчилар ҳам бор, - дейди тадбиркор келажак режалари билан ўртоқлашиб. - Биз ҳам маҳсулотни қадоқлашни йўлга қўйишни мақсад қиляпмиз. Хитойдан қадоқлаш технологиясини олиб келиб, шу ишни йўлга қўйсак, фаолиятимиз кенгаяди, даромадимиз ошади, қолаверса, қўшимча иш ўринлари пайдо бўлади.
Сут маҳсулотлари инсон соғлиги учун энг фойдали неъматлардан. Уни доимий истеъмол қилиб юрган киши соғлом бўлади. Аммо яроқлилик муддати, сақлаш шароити каби талаблар ҳам бор.
- Албатта, бундай маҳсулотларни ўз ҳолида узоқ сақлаб бўлмайди, - дейди Ҳабибулла ака. - Уни қурут ҳолига келтириб сақлаш бирмунча осон. Буюртма асосида келишилган вақтга тайёрлаган маҳсулотларимиз баъзан харидорлар кечикиши сабаб бир-икки кун сақлаб туришга мажбур бўламиз. Оқибатта унинг сифати бузилади. Шуни ҳисобга олиб махсус музлаткич ўрнатдик. Бир неча тоннагача маҳсулотнинг сифати бузилмасдан сақлаш имкони яратилади.
Кийим-кечак тикиб сотаётган тадбиркор унинг сифатигагина жавобгар. Аммо озиқ-овқат бу бошқа масала. Санитария талабларидан ташқари, ҳалоллик ҳам муҳим, хусусан, қурутнинг тайёрланиш жараёнида. Ушбу корхонада бунга жиддий эътибор қаратилган.
- Бу энг биринчи ва муҳим масала, - дейди тадбиркор маҳсулот тайёрланиш жараёни ва шароити билан таништириб, - Шу сабабдан бунга ўзим алоҳида эътибор қаратаман. Ҳатто кооперация асосида ишлаётган оилаларга тарқатганимизда ҳам уларнинг ишлаш шароити, тайёрлаш жараёнига жиддий талаб қўяман. Маҳсулотнинг санитария талабларига жавоб бериши қанчалик муҳим бўлса, унинг ҳалол тайёрланиши бундан-да муҳим.
Истеъмолчига озиқ-овқат маҳсулоти етказиб берар экан унинг ҳалоллигига жавобгар доимо тадбиркор бўлади. Бу фақат сўзда эмас, амалда ҳам бўлиши лозим. Бу ўринда бизга чакки олиб келаётган тадбиркорларга ҳам шу талабни қўямиз. Сифатига ва бошқа юқорида санаб ўтилган талабларга жавоб берадиган тадбиркорлар билангина ишлаймиз. Қурут тайёрлашда чаккига қўшиладиган маҳсулотлар ҳақида айримлар билиб-билмай турли асоссиз гапларни гапиради. Қурут тайёрлашда буюртмачининг талабига қараб райҳон ва турли хушбўй ошкўклар қўшилади. Тўғри, нима қилсамда пул топсам бўлди, дейдиганлар ҳам бор. Аммо улар ўзларига зиён қилади.
Тадбиркорликда энг муҳими ҳалоллик. Бунга эътиборсиз, арзимас жиҳат деб ўйлаган тадбиркорнинг иши юриши, маблағи кўп бўлиши мумкин, аммо баракаси бўлмайди. Шу ишни тўғри йўлга қўйганимиздан ҳам даромадимиз ошди, тўйлар қилдик, фарзандларимни уйли қилдик, оилам билан ҳаж зиёратига бордик.
Бугун тадбиркор кўп: маҳсулот сотган ҳам, хизмат кўрсатган ҳам ишбилармон бўламан, дейди. Ёшлар тез ва кўп пул топиш истагида чет эллик бизнес тренерларни тинглайди, улардан ўрнак олади. Аслида тадбиркорликда ота-боболаримиздан қолган анъаналарни ўрганса кўпроқ наф беради. Сабаби, ҳар бир тийин даромадингизнинг савол-сўроғи бор. Ҳалоллик ва ишонч тадбиркорнинг тегирмонига мунтазам сув қуйиб туради.
Сулаймон МАРДИЕВ.