Исириқ сотилмайдиган қишлоқ

Пахтачи тумани марказидан 35 километр узоқликда жойлашган Қарнабота қишлоғига бориш учун албатта Зиёвуддин шаҳарчасидаги бекатлардан бирига бориш керак. Бу ердан Қарнаботага ягона автобус қатнайди. Бир кунда икки рейс бўлади. Агар автобусдан қолиб кетсангиз Қарнаботадан Зиёвуддинга ёки Зиёвуддиндан Қарнаботага боролмайсиз. У ерни яхши биладиган ҳайдовчилар истаган нархини қўйиши мумкин. Соат 13:00 да юрадиган автобусга чиқдим. Келсам автобусда одам кам экан, ҳали кетишга бироз вақт борлиги учун ҳайдовчи билан бироз суҳбатлашдим.

- Амаки, одам кам экан, бориб келишни қоплайдими?

- Ҳа, насибага яраша бўлади. Ўзи ярим соатда борса бўлади, лекин йўли ёмон бўлгани учун бир соату 15 минут юрамиз.

Қарнаботага қараб йўл олар эканмиз, йўлнинг икки четида дала- даштда, сарғайган ўтлар, ҳар-ҳар жойда исириқ, шувоқ, янтоқ, каррак каби ўсимликларга кўзингиз тушади. «Баҳор ойлари Қарнаботага келсангиз даштлари, табиати жуда чиройли бўлади. Қип-қизил лолақизғалдоққа бурканган даштдан кўз қувнайди», дейди ҳайдовчи.

Ёзнинг саратонида исириқ пишган, янтоқлари худди шафтоли гулидек гуллаган. Шувоқлар ўзидан ажойиб ҳид таратади. Карраклар ўзгача манзара кашф этади. Равон йўл тугаб, ўнқир чўнқир йўллар бошланди. Дарвоқе, ҳайдовчининг айтишича, қишлоқдагилар ҳеч қачон бу ерда барқ уриб ётган исириқни сотмайдилар.

Ҳар-ҳар жойларда бор асфальт ҳам йўқ бўлиб кетган. Ҳайдовчининг айтишича, яқинда бу йўллар обод бўлармиш, таъмир учун ёпиб қўйилади, деган гап бор экан. 

«Хотира майдони» хотирага айланган…

Қарнаботага кириб келдик. Қишлоқ Чашма маҳалласи билан бошланади. Баландликда жойлашган, олдин бу ерда Чашма булоғи бўлган. Қишлоқ аҳолиси истеъмол қилган, ҳам экинларни суғорган. Чашмадан пастга тушганда яна бир булоқ  бор, номи аҳоли орасида очилқирон ёки пулдироқ деб аталади.

Соат 14:15 қишлоққа етиб келдик. Ҳаво жуда иссиқ, кўчада ҳеч ким йўқ, бу вақтда қишлоқ аҳолиси кўчага чиқмайди. Аҳоли билан суҳбатлашарканман, ёз кунлари кундузги соат 11:00 дан 16:00 гача  кўчага чиқмайди, зарур ишларни 11 гача, улгурмаган ишларини 16 дан кейин чиқиб бажаради, шуларни айтишди. Тошли, тупроқли кўчалар оралаб қишлоқни айландим. Кичкинагина бозорчаси бор экан, ҳозир таъмирлаш ишлари кетяпти, чамамда. Катта бозори чоршанба ва шанба куни бўлади. Шанба куни бошқа туманлардан сотувчилар келади, нарх-наво ҳам ҳамёнбоп бўлади. Бозор саҳар 5:30 да бошланиб, 11 да тугайди. Бозор атрофида замонавий дўконлар қурилган. Дўконлардан бири халқ орасида «саксонинчи магазин» дейиларкан, яъни бошқа дўконларга қараганда анча арзон  эмиш.

Маҳалланинг ўз Хотира майдони бор экан. Афсуски, майдонни кўриб, ҳафсалам пир бўлди: икки томони ўт босиб ётибди. Менимча, чўпонлар отарни олиб ўтганда, чорва ўт-ўланлардан баҳраманд бўлсин, деб ободонлаштириш ишлари олиб борилмаган, шекилли. Хотира майдонининг орқа томонида болалар майдончаси ҳам бор экан. Барча маҳаллаларга ҳам насиб этмайдиган бу майдончанинг аҳволи ҳам ҳаминқадар, ўт босиб кетган.

Қариндошларим уйи томон йўл олдим. Қишлоққа меҳмон келса дарров сезишади. Айиниқса, шевангиз бошқа тумандан эканлигингизни билдириб туради. Қандай дейсизми? Бу қишлоқнинг ўзига хос шеваси бор. Айрим сўзлардан мисол келтириб ўтаман: «Лағли –фотиҳа тўйи; биринч – гуруч; такия – ёстиқ, почча – амаки; мувруд – маърака; нама қилотдинг – нима қиляпсан; қарга боротдинг – қаерга боряпсан; келотдингми – келяпсанми; инак – сигир; гўсала – бузоқча; боровуз - борамиз; қиттигина – озгина».

Ёнимдагилар кимникига бораётганимни сўрашди. Қариндошимнинг исм-фамилиясини эмас, бирдан нақалини айтиб қўя қолдим. Нега дейсизми? Чунки исм-фамилиясини айтсам танимайди. Агар Қарнаботага меҳмонга келсангиз, бораётган хонадонингиз эгасининг исмини эмас, лақаби ёки нақалини айтсангиз уйини кўрсатиб юборишади (Дарвоқе, нақал ҳам уларнинг шевасида, аслида лақаб дегани.) Нақал, лақаб инсонга уни характери ёки бирон иши ўхшамай қолса, келиб чиқишдан қўйилади. Масалан, фалончи дўнглар, суқайтди, этикли. Баъзида жуда қўполроқ лақаблар ҳам бўларкан. Четдан келган одам бу лақабларни эшитиб, ҳайрон қолиши табиий, аммо қишлоқ аҳли ўрганиб кетган.

Битта қўй учун бир ойга саккиз минг сўм

Кўчаларда мевали дарахтлар, сув оқиб турган ариқлар йўқ. Айрим кўчаларда ариқ бор, дарахтлар кам, мевали дарахтлар асосан ҳовлига экилади.

Уйни ўтин билан иситишга ҳожат йўқ. Чунки қишлоқда қишин ёзин газ бор. Қишда уйни газ билан иситишади. Бир йил олдин қишлоқ ичимлик суви билан ҳам таъминланди.

Қишлоқ аҳолиси эрта тонг, соат 4:00 да уйғонади. Дарвозани очиб, кўча ҳовли супурилади. Сигирни соғиб уни “пода”га ҳайдаб келишади. Пода қишлоқ аҳолиси молларини эрталаб 6:00 дан, кеч соат 18:00 гача боқади. Қишлоқнинг тўрт чеккасида, тўрт нафар чўпон бор. Ҳар бир сигирни бир ойда 25 минг сўм эвазига боқишади. Қишлоқ асосан чорвачиликка мослашган. Аҳолининг қўйини боқиш учун 15 нафар чўпон бор. Қўйнинг ҳар бирини бир ойга 8 минг сўмдан боқишади. Агар баҳор ойи меҳмон бўлиб келсангиз, аҳолиси қўзи гўшти, ширвоз гўшти билан меҳмон қилишади.

- Ҳудудимизнинг ўзига хос таомлари бор. Масалан, қўзи гўшти аввал қайнатилиб, сўнг нон билан қовуриб пиширилади, таъми бошқача бўлади, - дейди биз билан суҳбатда шу қишлоқнинг чўпонларидан бири бўлган Суннат Қодиров. - Баҳор ойида, битта қўчқор сўйилиб қорни шўр сув билан ювилади, сўнг қоринга қўй сути ва уютқи солиниб, эшакнинг эгарига осиб қўйилади. Бир кун эгарда юради ва табиий қорин чалоб  тайёр бўлади. Май, июнь ойларида қўзи гўштидан қоқи қилиб қўйилади.

Дарвоқе, ёзда аҳолининг севимли таомларидан бири помидорли қайиш.  Қишлоқ аҳлининг айтишича, биров тўй қилса, қўшнилар бир ҳафта олдин хизматга ўтишади. Тўй ўтгандан сўнг «келин чой» ичгани келишади.  Қарнаботаликларнинг яна бир ажойиб одати бор. Агар уйига янги телевизор , музлаткич олса ҳам қўни-қўшни, қариндош-уруғ «қуллуқ бўлсин»га келишади. Синфдошлар муносабати ҳам яхши. Мактабни тугатгандан сўнг собиқ синфдошлар нафақат 10 йиллик, балки 20, 30, 40 йиллик юбилейларни ҳам нишонлашади.

«Чаллашган дўст» ким?

- Бизда ота-боболаримиздан қолган яна бир удумга одамлар амал қилиб яшайди, - дейди шу қишлоқда яшовчи Муҳайё  Ҳамраева. – Мисол учун, иккита қариндош оилада ёки таниш оилаларда тенгдош фарзандлар дунёга келса, улар 4 - 5 ёшга тўлганда “Чаллашган дўст”, “Чаллашган дугона”, яъни тутинган бўлишади. Фарзандлар бир-бирининг ота-онасини ҳам «ота-она», деб чақиришади ва худди оила аъзосидек қабул қилинади. Худди ака-ука, опа-сингилдек яқин бўлиб, тўй-маърака, маросимларда   бир-бирига елкадош бўлишади. Улар бир умрга қиёматли дўст, дугона бўлиб қолишади. Чаллашган дўст, дугона дейишади.  Хонадон тўй бошласа куёв томон, келин-куёвларга яқин қариндоши ёки танишини, намунали оила эгаларини “ота-она» сифатида белгилашади. Келин-куёвнинг олдига чиққан ота-она келин куёвга чимилдиқ қилади. Улар фарзандли бўлишганда олдига чиққан ота-онаси бешик қилади. Келиннинг ота – онаси бешик қилмайди.

Қишлоқ аёллари жундан гилам, пайпоқ тўқийди, кигиз қилинади. Қишлоқ ҳаёти бошқа туманлардан шеваси, чорваси, тўйлари, урф-одатлари  билан ажралиб туради. Қарнаботага бўлган сафарим ўз  якунига етиб, йўлга чиқдим. Салқин, эрта тонгда автобусга ўтирдим. Ажойиб одатлари, содда қишлоқ аҳлининг бир-бирига муносабати бир қараганда унчалик меҳрли туюлмаса-да, аммо барчасининг ортида самимият бор. Одамларнинг  муомаласида зукколик, топқирлик, тилнинг энг нозик ибораларидан фойдаланишини кузатасиз. Бу сизга завқ бағишлайди, топқирликка яраша жавоб бермасангиз, кулгига қолишингиз аниқ. Айтганча, сиз ҳам қайтишда лақаб орттириб олишингиз ҳам ҳеч гапмас.

Муниса ШАМСИЕВА.