Иссиқ кунларда корхоналарда ишлаётган ходимларга қандай шароит яратилиши керак?

Бугунги кунда мамлакатимизда иссиқ ҳарорат кузатиляпти. Бундай об-ҳаво шароитида корхоналарда ишлаётган ходимларга иш берувчилар томонидан белгиланган тартибдаги микроиқлим бўйича шарт-шароит яратиб бериш талаб этилади.

Биринчидан, енгил, I категорияли ишларда ҳаво ҳарорати 24-27 даража, ҳавонинг нисбий намлиги 40-60 фоиз ва ҳаво ҳаракати тезлиги 0,1-0,2 м/сдан ошмаслиги, ўрта оғирликдаги II категорияли ишларда ҳаво ҳарорати 22-25 даража, ҳавонинг нисбий намлиги 40-60 фоиз ва ҳаво ҳаракати тезлиги 0,3 м/сдан ошмаслиги, оғир III категорияли ишларда ҳаво ҳарорати 21-23 даража, ҳавонинг нисбий намлиги 40-60 фоиз ва ҳаво ҳаракати тезлиги 0,4 м/сдан ошмаслиги лозим (Иш категорияси - организмнинг умумий энергия сарфи асосида ишларнинг оғирлик даражасини фарқлаш, дегани).

Меҳнат кодексининг 211-моддаси ҳамда “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддасига мувофиқ, барча корхоналарда хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитлари яратилган бўлиши керак. Бундай шароитларни яратиб бериш иш берувчининг мажбуриятига киради.

Иш берувчи томонидан ҳавонинг иссиқ ҳарорати юқори даражаси вақтида биноларда миқроиқлим шароитини яхшилайдиган ускуналарнинг (кондиционер, вентиляция, ишлаб чиқариш майдонларга ўрнатилган қуруқ ҳавони намлаштириш ускуналари ва бошқалар) фаолиятини таъминлаши ва назорат қилиш, техник жиҳатдан бундай ускуналарни ўрнатиш ва ишлатиш имкони бўлмаган тақдирда ходимларнинг иш режимини ўзгартириш ва дам олиш вақтларини кўпайтириш ёки иш вақтини қисқартирилиши, ходимларни бепул тоза ичимлик (минералланган) сув билан таъминлаш чоралари кўрилиши лозим.

Меҳнат шароитлари бўйича йилнинг иссиқ даврида очиқ майдонларда бажариладиган ишлар иш категориясига мувофиқ ҳаво ҳарорати 34,2-36,0 даражадан юқори бўлганда инсон соғлиғи учун ўта хавфли ҳисобланиб, мазкур ҳолатда иш режимини ўзгартирган ҳолда, яъни иш вақтини куннинг салқин вақтларига кўчирган ҳолда ишни ташкил этилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Агарда ходим очиқ майдонда (қурилиш майдонларда, далаларда) фаолиятини амалга ошириётган бўлса, иш берувчи томонидан мавсумга мос бўлган ҳимоя воситалари ажратилиши, иш режимини ўзгартирилиши (дам олиш вақтларини узайтириш ёки ишлаш соатларини ўзгартириши ёки вақтинча ишни тўхтатиши, иш вақтнинг қисқартирилиши), шунингдек ходимларни бепул тоза ичимлик (минерал) сув билан таъминланиши лозим.

Шу давр мобайнида ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қолинади.

Корхонадаги бундай ишларнинг рўйхати ва уларни бажаришда иш вақтининг муайян муддати тармоқ (тариф) келишувларида, жамоа шартномаларида белгилаб қўйилади, агар улар тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб олинган ҳолда амалга оширилади.

Меҳнат кодексининг 219-моддасига мувофиқ, ходим иш жараёнида ўзининг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатлар юзага келиб қолганлиги тўғрисида иш берувчига дарҳол хабар қилиши, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилишини текшириб бориш ва назорат қилиш билан шуғулланувчи органлар ана шу ҳолатларни тасдиқлаган тақдирда иш берувчи бу ҳолатларни бартараф этиш чораларини кўриши, агар зарур чоралар кўрилмаса, ходим ўзининг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатлар бартараф этилгунга қадар тегишли ишни бажаришни рад этишга ҳақлидир. Ана шу давр мобайнида ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қолиши бўйича талаблар белгиланган.

Усмон Каримов,

Касаба уюшмалари федерацияси меҳнат инспекциясининг Самарқанд вилояти бўйича меҳнат техник инспектори.