Истанбулдаги терактда гумонланувчи ҳибсга олинди
Туркиянинг Истанбул марказидаги Истиқлол кўчасида содир этилган терактда гумон қилинган шахс қўлга олинди, дея хабар бермоқда «Anadolu» давлат ахборот агентлиги.
«Якшанба куни Истанбулнинг Истиқлол хиёбонида портлашга сабаб бўлган бомбани қолдирган шахс полиция томонидан қўлга олинди”, — дейди Ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу.
Туркия вице-президенти Фуат Октай агентликка бу воқеа террорчилик ҳаракати сифатида баҳоланишини айтди.
"Биз буни террорчилик ҳаракати деб биламиз. Бомбани портлатган ҳужумчи аёл бўлган деб ҳисоблаймиз, ", - дея қўшимча қилди Октай.
Туркия соғлиқни сақлаш вазири Фаҳреттин Кожа портлашда жароҳат олган 81 кишидан 42 нафари шифохонада қолаётганини маълум қилди.
“Беш нафари ҳамон реанимация бўлимида, икки нафарининг аҳволи оғир”, — деди у ва уларга барча зарур ёрдам кўрсатилаётганини қўшимча қилиб.
Эслатиб ўтамиз, портлаш Истанбул марказида, гавжум Истиқлол кўчасида, Бейоглу туманидаги Таксим майдони яқинида содир бўлди. Бу сайёҳлар орасида энг машҳур йўналишлардан биридир. Бундан ташқари, ушбу кўчада Россия консуллиги жойлашган. Туркия матбуотига кўра, ҳодиса оқибатида 6 киши ҳалок бўлган.