Истироҳат боғида яроқсиз аттракционлар ўрнатилишига йўл қўйилмайди

9 февраль куни “Zarnews.uz” телеграм каналида эълон қилинган “Лойиш истироҳат боғида нима гап ёхуд “Эгачим эрга тегди, эскиси менга тегди”ми?” сарлавҳали мақолада Оқдарё тумани истироҳат боғида тадбиркор томонидан яроқсиз аттракцион ўрнатилаётганлиги ҳақида ёритилган эди. Мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш ва муаммони бартараф этиш мақсадида Оқдарё тумани ҳокими Н.Сулаймонов истироҳат боғига борди.

Туман ҳокими дастлаб истироҳат боғида тадбиркор томонидан аттракционларни ўрнатиш бўйича олиб борилаётган қурилиш, таъмирлаш ишлари ҳамда янги ташкил этилаётган музейни кўздан кечирди. Шундан сўнг “Oqdaryo ovozi” газетаси таҳририяти ходимлари, “Boburxon baxt-baraka” МЧЖ раҳбари Б.Саидмуродов, туман маданият бўлими мудири Н.Жапаров, истироҳат боғи директори А.Жалилов ва бошқа масъуллар билан масала юзасида мулоқот қилди.

Туман ҳокими истироҳат боғида сифатсиз, яроқсиз аттракционлар ўрнатилишига йўл қўйилмаслиги, ўрнатилган ҳар бир аттракцион вилоятнинг махсус назорат инспекцияси мутахассислари томонидан текширилиб, фойдаланишга рухсат берилсагина ишга туширилиши мумкинлигини таъкидлади.

Тадбиркор Б.Саидмуродов журналистларга қилган қўпол муомаласи учун узр сўради.

Олиб келинган яроқсиз аттракцион жиҳозлари истироҳат боғидан олиб чиқиб кетилди.

Оқдарё тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.