IT, алоқа ва стартаплар: Самарқандда рақамлаштириш соҳасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Вилоятда рақамли хизматлар, телекоммуникация ва алоқа инфратузилмаси яхшилаш, стартап лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда соҳада кадрлар тайёрлаш борасида қандай ишлар қилиняпти?
Вилоят Матбуот уйида рақамли технологиялар вазирлиги вилоят бўлими масъуллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида шу ҳақида сўз юритилди.
Рақамли технологиялар вазирлиги вилоят ҳудудий шуъбаси бошлиғи Дилмурод Хўжамбердиевнинг таъкидлашича, вилоятда рақамли хизматлар бозори сўнгги уч йилда 2,5 бараварга юқорилаган.
Жумладан, 2023 йилда алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари ҳажми 1318,4 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 2013,4 миллиард сўмни (ўсиш 152 фоиз), 2025 йилда эса 2764, 3 миллиард сўмни (ўсиш 137 фоиз) ташкил этган. Шу йилнинг биринчи чораги якунлари билан алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари ҳажми 774,1 миллиард сўмни (ўсиш 119,2 фоиз) ташкил этган бўлса, йил якунида бу кўрсаткич 3250 миллиард сўмга етказилиши мақсад қилинган.
Кейинги йилларда IT Park резидентлари сони ҳам ўсиб, 2 минг нафардан зиёд ёшларнинг бандлиги таъминланди, - дейди Д.Хўжамбердиев. - Йил якунига қадар бу кўрсаткични 2500 нафарга етказиш мақсад қилинган. Экспорт салоҳияти эса вилоятимизнинг жаҳон бозорига чиқиш имкониятларини кўрсатмоқда. Хусусан, IT Park резидентлари томонидан 21,5 миллион долларлик экспорт хизматлари амалга оширилган. Шунингдек, вилоятда сифатли мобил алоқани ташкил этиш мақсадида шу йилнинг ўтган даврида 275 та мобил алоқа база станциялари ўрнатилди ва 262 та мобил алоқа база станциялари модернизация қилинди. Ўтган йили вилоятда 3,3 минг километр оптик толали алоқа линиялари тортилган бўлса, шу йилнинг биринчи чорагида 630 километр магистрал тармоқнинг ётқизилиши таъминланди.
Вилоятимизда рақамлаштириш соҳасини ривожлантириш учун “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 230 минг нафар аҳоли ва ёшлар қамраб олинган. Шу билан бирга, ҳудудларда IT-шаҳарчалари ва Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари лойиҳаси амалга оширилиб, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган ёшларнинг бепул билим олиш имкониятлари яратилмоқда. Ёшларнинг бандлигини таъминлаш, экспорт хизматларини ошириш мақсадида эса 2030 йилгача бўлган йўл харитаси ишлаб чиқилган.
Хусусан, 2026-2027 йилларда Самарқанд шаҳрида қурилиши давом этаётган замонавий IT-Park фойдаланишга топширилади. Шу йилдан “Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари” лойиҳаси орқали 25 минг нафар ёшлар бепул ўқитилади. 2030 йилгача эса 300 минг нафар ёшлар сунъий интеллект технологиялари йўналишда ўқитилиб, вилоятнинг АТ хизматлари экспорти 100 миллион АҚШ долларига етказилади. Шунингдек, давлат хизматларидан электрон фойдаланиш улуши 95 фоизга етказилиб, олис ҳудудларда йўлдош алоқа тизимларини жорий қилинади.
Фазлиддин Рўзибоев.