IT парклар ва сунъий интеллект – рақамли тараққиётга етакловчи локомотив
Бугунги кунда рақамли технологиялар ҳаётимизга шунчалик сингиб кетдики, нафақат кундалик фаолиятимиз, балки ижтимоий-иқтисодий соҳалар ривожини ҳам усиз тасаввур қилиб бўлмайди.
Мамлакатимизда ҳам рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, барча тармоқлар ва соҳаларда, энг аввало, давлат бошқаруви, таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бу бежиз эмас, албатта. Чунки замонавий давлат бошқарувида рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш бошқарув фаолияти самарадорлигини оширибгина қолмай, унинг очиқлиги, сифатини таъминлаб, жамоатчиликка давлат ҳокимияти органлари фаолияти шаффофлигини кузатиб бориш имконини яратади. Муҳими, улар нафақат замонавий бошқарувни таъминлайди, балки аҳоли турмуш даражасини яхшилаш ва янги иш ўринлари яратишга ҳам хизмат қилади.
Кейинги йилларда мамлакатимизда рақамли технологиялар ривожи учун яратилган кенг имкониятлар бугун ўз самарасини бермоқда. Барча ҳудудларда ИТ парклар очилиб, улар учун алоҳида солиқ режими жорий этилди. Бу орқали минглаб ёшлар юқори даромадли иш билан таъминланди. Соҳада ўзини ўзи банд қилганлар сони ҳам ошмоқда.
Охирги 5 йилда соҳа экспорти 170 миллион доллардан 1 миллиард долларга яқинлашди. Интернет тезлиги 7 баробар, мобил интернет эса 4,5 баробар ошди. Ўтган йили соҳадаги стартапларга 70 миллион доллар венчур инвестиция киритилди. Натижада “Глобал стартаплар индекси” рейтингида Ўзбекистон 12 поғона юқорилаб, “ТОП-100”таликка кирди.
“Сунъий интеллектга тайёрлик” халқаро индексида юртимиз 17 поғона кўтарилиб, Марказий Осиёда ҳамда Ўзбекистон телекоммуникация соҳасининг ўсиш суръатлари бўйича МДҲ мамлакатлари рейтингида биринчи ўринни эгаллагани ҳам мазкур соҳада ўз вақтида кўрилаётган чора-тадбирлар натижасидир.
Яқинда Президентимиз раислигида давлат бошқаруви, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларда сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистонда сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича алоҳида қарор қабул қилиниб, соҳанинг ҳуқуқий асослари яратилгани, қисқа даврда давлат хизматлари, банк-молия, жамоат хавфсизлиги, транспорт каби йўналишларда 30 дан ортиқ пилот лойиҳалар ишга тушгани алоҳида таъкидланди.
Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган IT парк лойиҳасининг иккинчи босқичига тамал тоши қўйилиши эса катта аҳамиятга эга бўлиб, бу ташаббус нафақат янги инфратузилма қурилиши, балки мамлакатда ахборот технологиялари соҳасида янги инновацион муҳит яратилишига туртки беради.
Айтиш жоизки, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясига мувофиқ, 300 мингдан ортиқ ёшларни ахборот технологиялари соҳасида юқори даромадли иш билан таъминлаш мақсад қилинган. Хорижий экспертлар фақатгина сунъий интеллект йўналишининг ўзида Ўзбекистоннинг салоҳиятини 10 миллиард долларга баҳоламоқда.
Ушбу лойиҳага кўра, IT парк ҳудуди 1,5 баробар кенгайтирилади. Бу ерда Саудия Арабистонининг “Data Volt” компанияси билан ҳамкорликда қуввати 12 мегаватт бўлган, 150 миллион долларлик дата-марказ барпо этилади. Кейинги босқичларда яна 3 миллиард доллар инвестиция киритилиб, қувват 500 мегаваттга етказилади.
Ушбу лойиҳа доирасида кўплаб ёш мутахассислар учун замонавий иш жойлари ташкил этилади. Лойиҳанинг амалга оширилиши нафақат иқтисодий, балки ижтимоий жиҳатдан ҳам катта аҳамият касб этади. Бир томондан, IT парклар рақамли хизматлар бозорини ривожлантирса, иккинчи томондан, ёшлар учун янги имкониятлар эшигини очади. Бу ёш мутахассислар хорижга кетмасдан, мамлакат ичида рақобатбардош шарт-шароитда ишлаш имконига эга бўлишларини англатади.
IT парклар нафақат технологик тараққиёт, балки миллий иқтисодиёт, таълим ва ижтимоий соҳаларни ривожлантиришда муҳим стратегик аҳамиятга эга. Агар бу жараён изчил ва тизимли равишда амалга оширилса, Ўзбекистон яқин келажакда Марказий Осиёнинг рақамли марказига айланиши мумкин. Бу эса юртимиз ёшларига янги имкониятлар эшигини очади.
Диёр Ҳусанов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.