Ихтисослаштирилган мактабда дарслар қандай ўтиляпти? У оддий мактабдан нимаси билан фарқ қилади?

Янги ўқув йилидан Самарқанддаги барча туман ва шаҳарларда Президент таълим муассасалари агентлиги тасарруфидаги ихтисослаштирилган мактаблар очилди. Хўш, ихтисослаштирилган мактаблар умумтаълим мактабларидан нимаси билан фарқ қилади? Каттақўрғон шаҳар ихтисослаштирилган мактаби фаолияти мисолида ушбу саволга жавоб изладик.

Аввало, ихтисослаштирилган мактабларга ўқувчилар аниқ ва табиий фанлар, хорижий тиллар ҳамда мантиқий фикрлаш бўйича ўтказилган кириш имтиҳонлари натижаларига кўра қабул қилинди. Кириш имтиҳонлари Агентлик ҳузуридаги педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш маркази томонидан халқаро ташкилотлар ҳамда Давлат тест маркази билан ҳамкорликда ўтказилди.

- Ихтисослаштирилган мактабимизга Каттақўрғон шаҳридан ташқари Иштихон, Каттақўрғон, Нарпай, Қўшработ туманларидан 7 мингдан ортиқ ўқувчи кириш имтиҳонларини топширди, - деди мактаб директори Жавлон Абдуллаев. - Улардан имтиҳонларда яхши натижа кўрсатган 5-синфдан 11-синфгача бўлган 480 нафар ўқувчи саралаб олинди. Ўқувчиларнинг 78 фоизи Каттақўрғон шаҳридан, 22 фоизи бошқа туманлардан. Бошқа туманлардан келиб ўқийдиганлар ҳудуддаги аҳоли хонадонларида туради. Ҳар бир синфида 24 нафардан ўқувчи қабул қилинган. Бундан ошиши мумкин эмас. Бизда фақат бир ҳолатда ўқувчининг мактабдан кўчишига рухсат берилади. Агар боланинг ота-онаси бошқа ҳудудга кўчиб кетадиган бўлса, ихтисослаштирилган мактаб ўқувчисига ўша ҳудуддаги худди шундай мактабда ўқиш имконияти берилади. 

Мактаб табиий ва аниқ фанларга ихтисослаштирилган бўлиб, биология, кимё, физика, математика ва информатика фанлари чуқур ўргатилади. Ушбу фанларда ўқувчилар икки гуруҳга бўлиниб, яъни 12 нафардан ўқитилади.

Дарслар халқаро таълим дастурлари асосида тузилган замонавий дарсликлардан ўтилади. Ҳозирча дарсликларнинг электрон шаклидан фойдаланилмоқда. 

Ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиларига фаслларга мос тўрт хил мактаб формаси белгиланган.

Мактабда ўқувчи ва ўқитувчилар учун ошхона мавжуд бўлиб, бу ерда тушликда 13-15 минг сўмга иссиқ овқат тановул қилиш мумкин. Тушликдан сўнг ўқувчилар ўз хоҳишига кўра ихтисослик фанлардан бири бўйича қўшимча бепул тўгарак машғулотида қатнашади. 

660 ўринли тўрт қаватдан иборат янги мактаб биноси сентябрь ойида фойдаланишга топширилган бўлиб, ўқувчилар кечгача мактаб биносидан чиқмай таълим олишлари учун барча шарт-шароит яратилган.

Директор ўқитувчини ишга олиш ваколатига эга эмас

- Ихтисослаштирилган мактабимизга ўқитувчилар ҳам танлов асосида саралаб олинди, - деди мактаб директори. – Тўғрироғи, менга билимли, иқтидорли, малакали ўқитувчиларни саралаб беришди. Умумтаълим мактабидан ушбу мактабнинг фарқи шундаки, директорда ўқитувчини тўғридан-тўғри ишга қабул қилиш ваколати йўқ. Тегишли комиссия муносиб номзодни топмагунига қадар ўша ўрин вакант бўлиб туради. Масалан, директорнинг маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари лавозимига яқинда номзод топилди. Шу пайтга қадар онлайн рўйхатдан ўтган талабгорларнинг бирортаси суҳбатдан ўтолмади. Бундай тартиб бир тарафдан таниш-билишчиликнинг олдини олади. Шунингдек, билим даражаси паст, тажрибасиз ўқитувчи ишга киролмайди. Ҳозир ҳам ҳар куни мактабга иш сўраб келувчилар бор. Уларга бундай ваколатим йўқлигини айтаман. Бизда ўрта махсус дипломли мутахассис йўқ. Ҳатто мактаб кутубхоначиси ҳам шу соҳада олий маълумотга эга бўлган мутахассисдир.

Билимли болалар билан ишлаш мароқли

- Билимли болалар билан ишласанг, чарчамас экансан, - дейди мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Шоира Раззоқова. – Аввал Каттақўрғон шаҳридаги 7-умумий ўрта таълим мактабида ишлаганман. 36 йиллик меҳнат стажига эга, олий тоифали ўқитувчиман. Мактабда ўқувчиларни 50 баллик тизимда баҳолаймиз. Яқинда эркин мавзуда ўқувчилардан иншо олдим. Уларнинг ёзганларини ўқиб, рости, кўзимга ёш келди. Ижодий фикрлайдиган, дунёқараши кенг ўқувчилар билан ишлаш жуда завқли экан. Билимли болаларга шунчаки дарс ўтиб бўлмайди, ҳар куни уларга нимадир янги гап айтишга ҳаракат қиламан.

- Юқори синф ўқувчилари орасида инглиз тилидан IELTS сертификати олишга тайёрлари ҳам бор, - дейди инглиз тили ўқитувчиси Зуҳра Сатторова. – Бу ерга яқинда ишга келдим, икки йил Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида дарс берганман. Оилавий шароитим туфайли Каттақўрғон шаҳрига кўчиб келдик. Ихтисослаштирилган мактабда дарс борлигини эшитиб, онлайн ариза бердим ва танловдан ўтиб, ишга қабул қилиндим. Дарсдан сўнг болаларга қўшимча дарс ўтаман.

 

Ўқувчи қандай ҳолда мактабдан четлатилади?

Ўқувчи имтиҳон асосида ихтисослаштирилган мактабга қабул қилингач, фақат яхши ва аъло баҳоларга ўқиши керак. Баҳолари пасайиб кетса, яъни қониқарли баҳо ола бошласа, унга уч босқичда дарсларни яхши ўзлаштиришига ёрдам берилади. Шунда ҳам ўқувчи яхши натижага эришмаса, мактабдан четлатилади.

 

Ўқитувчилар 100 фоиз устама олади

Ихтисослаштирилган мактабнинг барча ўқитувчилари ҳозирча уч ойлик синов муддати билан ишга қабул қилинган. Ихтисослик фани ўқитувчиларига 60 фоиз, қолганларига 40 фоиздан устама пуллари бериляпти.

Биринчи чораклик тугагач, ўқитувчилар яна сараланади. Ўқитувчиларнинг билим даражаси ва касбий маҳоратига қараб, халқаро миқёсда тан олинадиган икки йиллик “Илғор ўқитувчи”, “Устоз ўқитувчи” ва “Профессионал ўқитувчи” даражали сертификатлар берилади. “Илғор ўқитувчи” даражали сертификатни олган педагог кадрларга 50 фоиз, “Устоз ўқитувчи”га 70 фоиз, “Профессионал ўқитувчи”га 100 фоиз устама пули берилади.

Бизда мажлис бўлмайди

- Мен умуман мажлис қилмайман, - дейди мактаб директори. – Ҳамма ўқитувчи сараланган, ўз вазифасини яхши билади. Хўш, уларга нима деб мажлис қиламан? Ўқитувчиларнинг асосий вазифаси ўқувчиларга билим беришдан иборат. Ўқитувчи вақтида ишга келади, дарси тугагач, уйига кетаверади. Ўзим ҳам мактабда қўшимча дарслар тугаб, ўқитувчи ва ўқувчилар кетгач, соат 17:00 да уйимга қайтаман.

Яқинда Каттақўрғон шаҳар Ахборот ресурс маркази билан китоб алмашиш борасида меморандум имзоладик. Унга кўра, Ахборот ресурс марказидан бадиий китоблар олиб келиб, ўқитувчи ва ўқувчиларни обуна қилдик. Қисқаси, китобларни алмашиб ўқиймиз ва уларни марказга топшириб, яна бошқа бадиий китоблар келтирамиз.

Рости, мен аввал мактабга директор пайтим китоб ўқишга вақт тополмасдим. Бу ерда китоб ўқияпман. Янги ишимдан жуда хурсандман. Қанийди, бошқа мактабларда ҳам шундай тартиб-қоида жорий этилса.

Хуршида Эрназарова.