Жадидона руҳиятли миллий матбуот
Ўзбек матбуоти Туркистон тарихидаги жадидчилик ҳаракати билан жуда табиий боғланади. Аслида жадидчилик анча чуқур, мураккаб, зиддиятли, айни дамда янгиликларга, эзгу орзу-ниятларга, амалий фаолиятларга тўла бир ижтимоий-сиёсий, адабий-маърифий ҳаракатдир.
Жадид зиёлилари учун эски усулдаги мактабларни ислоҳ этиш, бадиий адабиётни янги ўзанга солиш, театр саҳнасидан ибратхона ўрнида фойдаланиш нақадар муҳим бўлса, миллий матбуот ташкили ва тараққийси ҳам шу даражада аҳамиятли эди. Самарқандлик жадид муҳаррири Ҳожи Муин таъкидлайди: “Матбуот бир миллатни уйғотиш учун биринчи омил бўлғонидек, унинг тарихи ҳам “уйғониш даври” тарихининг муҳим бир бўлаги саналадур”. Дарҳақиқат, матбуот ўзбек жадидчилик даври тарихида жуда муҳим ўрин тутади.
“Ҳақиқат очиб сўзлашдадир” тамойилига асосланган жадид матбуотидаги ҳақ сўзнинг, ҳақиқат сиёқининг кундалик ҳаётга, одамларга, жамиятга таъсири кучли бўлди. Вақтли матбуот одамларнинг ижтимоий ҳаётига фаол аралашмоғи ва дунёдан бохабар бўлмоғи учун заруратга айланди. Бошлаб газеталар ойда бир бора базўр чиқди; аста-аста ҳафталик ва кунлик нашрлар шиддат билан одамлар орасига кириб борди; саҳифаларидаги мақола ва маълумотлар маънавий эҳтиёж тусини олди.
Дараҳақиқат, миллат маънавиятини ислоҳ этиш, одамларни маърифатли қилиш, оламга очиқ назар билан боқишга ўргатиш ва лоҳас-мудроқ тафаккурни уйғотишнинг энг асосий омили сифатида жадид муҳаррирлари матбуотнинг қадрини баланд кўтарди. Матбуот улар наздида фикрлар тилмочи, миллат ва эл-юрт ривожи йўлида хизматчи, одамлар онгу шуурининг қуёши, ҳар кимнинг виждонига тутилган кўзгу бўлмоғи лозим эди. “Улфат” кўнгиллар бирлигидан сўз очиши, “садо”лар маърифат ва маънавият, одобиёт ва адабиётнинг овози бўлиши керак эди. Газета ва журналлар номи шу эзгу ниятларга мослаб танланди.
Туркистонлик зиёлилар ўзлари газета чиқаргунга қадар бир муддат Қримга – Боқчасаройга кўз тикишди. Исмоилбек Гаспринскийнинг “Тилда, фикрда, ишда бирлик” деган ғояларига ҳавасланиб қарашди. Жадидлар шу алломанинг “Таржимон” (1883–1914) газетасини ўқиб, унинг мухлиси ва муҳибига айланишди. Газета тил ва фикр бирлиги масаласини кун тартибига қўйди, унинг йўли, маслаги ва мақсади аниқ эди: “Таржимон” – ҳар турли иш, аҳвол ва ихтилофга “ҳаққоният”ва “мумкиният” жиҳатидан боқажакдир. “Таржимон” тавҳиди лисон, тавҳиди афкор ва маорифи миллия масалаларида ғайрати доимийда бўлажакдир. “Таржимон” – ҳар на сўйлар ва ёзар бўлса, бу кунда миллатнинг англами, идрок ва қабул этиши суратда арз ва баён этажакдир”. Гарчи “Таржимон”нинг Туркистондан ўқувчилари кўп бўлса ҳам, босилишининг бошларида туркистонлик ёзувчилар жуда кам – онда-сонда иштирок этди. Бироқ ХХ асрнинг ўнинчи йилларидан бошлаб Маҳмудхўжа Беҳбудий (Самарқанд), Охунд мулла Мавдуд Оҳимов (Тошканд), Мирҳусайн Мирраҳимов (Қўқон), Абдуқодир Шакурий (Самарқанд), Ҳожи Муъин (Самарқанд), Қози Зиёуддин Маҳмуд ибн Домла ва мударрис Файзраҳмат (Бухоро) кабилар қатнашади. Муаллифлар баъзан мақола-хабар ёзишса, айрим ҳолларда “Таржимон”дан ўзларининг энг муҳим саволларига жавоб олиш ниятида мактублар йўллайди. Абдулҳамид Чўлпон 1913 йили Исмоил Гаспринскийга ёзган мактубида “Шалола”, “Турк юрди”, “Шаҳбал”, “Таржимон”, “Вақт” ва “Иқбол” каби жадид қардошларнинг газета ва журналларини ёдга олади, уларни ўқиб бораётганини айтади.
Туркистон зиёлилари “Таржимон”дан жуда мамнун бўладилар. Дейлик, шу мамнуниятни тошкентлик шоир Каримбек Камий “Мўътабар “Таржумон” ва “Исмоилбек Гаспринский жаноблари ҳаққинда” деган шеърида изҳор этди. Унда газетанинг барчага манзуру мақбул экани, ундан ўқувчи “ҳилму одобу маошу илму фан” ўрганиши мумкинлигини таъкидлаб:
“Ҳар ҳуруфи гул каби, ҳар нуқтаси ғунча мисол,
Хуш тамошо истаянларға гулистон “Таржимон”,
деб ёзди. И.Гаспринский ва “Таржимон”нинг тўрт тарафга сочган фикрлари, илғор қарашлари, жадидона руҳият билан тўйинган ғоялари барчанинг юрагидан бирдек ўрин олди. Улкан жадидшунос олим, профессор Бегали Қосимов ўринли таъкидалаганидек, “Уни Қашқардан Лондонгача, Санк-Петербургдан Бомбейгача билар эдилар”; Гаспринскийга эргашар ва “Таржимон”ини эъзозлар эдилар. Туркистонлик жадидлар “Таржимон”дан бир неча йил тинимсиз сабоқ олди. Сўнгра, яъни 1906 йили ўзларининг биринчи “Тараққий” газетасини чиқаришди. Туркистондаги бу янгиликни ҳам биринчи бўлиб “Таржимон” табриклади. “Туркистоннинг бундай тараққийпарвар бир газетага кўпдан бери эҳтиёжи бор эди”, деб ёзади.
Бироқ “жадидларнинг энг суюкли ва тўнғич газетаси” – “Тараққий”нинг умри қисқа бўлди. Йигирма сони чиққандан кейин чор ҳукумати томонидан ёпиб қўйилди ва “муҳаррири қамоққа олинди”. Шундан кейин Мунаввар Қорининг “Хуршид” (1906 йил сентябрь), Абдулла Авлонийнинг “Шуҳрат” (1907 йил декабрь) газеталари майдонга чиқди. Бироқ бу газеталар фаолияти ҳам узоққа чўзилмайди. “Таржимон” (1907 йил, 14-сон) бу хусусда ҳам ёзди: “Матбуотимизда таассуф бўлган бир ҳол-да бордир: бу Тошкандда чиққан “Тараққий” ва “Хуршид” дўстларимизнинг тақиқланиши. Ўрта Осиё учун расмий бўлган “Туркистон газети” етарли эмас”. Ўз ғоялари, маслаклари тарғиби учун нақадар фойдали эканини чуқур англаган жадидлар газетачилик жабҳасида саъйу ҳаракатдан тўхтамади. “Тужжор”, “Осиё”, “Самарқанд”, “Садои Туркистон”, “Садои Фарғона”, “Тирик сўз” каби газеталар ёнида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Ойина” журнали пайдо бўлди. 1913–1915 йилларда олтмиш саккиз сони босилди.
Зиё Саид журналнинг мақсади ислом миллатининг саодати ва ислоҳи, мусулмонларнинг маданияти ва замонавий фанлардан фойдаланишлари йўлида хизмат қилишини ёзар экан, Беҳбудийнинг “таваҳҳуди лисония” (туркий тилларни бирлаштириш) тарафдори эканига урғу беради. Бу ғоянинг илдизи ҳам “Таржимон”га бориб тақалади, албатта. “Ойина” журнали ўз вақтида жуда юксак бир обрўга эга бўлди, ҳар бир ўқувчининг дилдошига айланди. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Ойина” журнали худди “Таржимон”дек улкан ва оламшумул бир миссияни адо қилди: маърифат тарқатди, одамларни фикр тарбиясига ўргатди; янги пайдо бўлган матбуот нашрларини тарғиб-ташвиқ қилди. “Садои Туркистон” ва “Садои Фарғона” газеталарини “Туроннинг эгизак фарзандлари” деб атар экан, газетхонларга шу нашрларни ўқиш ва уларга обуна бўлишни тавсия этади: “Миллатға иона ва олиб ўқумоқларини ожизона тавсия этармиз, чунки матбуот чироғ ва ниҳолдек бўлуб, анга ёғ ва сув бериб тарбият қилмагунча, маъзоллоҳ, сўнуб қурумоғи табиийдур”.
Ўзбекистон матбуоти тарихида жадид зиёлилари нашр қилган газета ва журналлар сон-саноғи кўп. Бир марта чиқиб тўхтаганлари ҳам бор. Уларнинг баъзилари ўз йўл-йўриғига кўра жиддий фарқланади ҳам. Гарчанд ўзаро қарама-қарши кайфиятда баҳслашадиганлари бўлса ҳам, улар олдига қўйган мақсадлари ниҳоятда улуғ, ниятлари эзгу, қарашлар аниқ ва тиниқ эди. Миллатни уйғотишдек улкан вазифа ижросига бел боғлаган эди жадидлар ва уларнинг мактаби, маорифи, театри, адабиёти ва матбуоти.
Муҳим бир фикр шуки, даврий нашрлар қайсидир маънода ижтимоий ҳаётдаги ўзгаришлар тарихи билан уйғун-ҳамқадам эди. Ўзгаришлар, янгиланишлар газета ва журналларда акс этди. Ёки шу ўзгаришларга мос янгидан янги матбуот нашрлари вужудга келди. Шунга кўра, 1917 йилги февраль ўзгариши, Туркистон Мухторияти, октябрь инқилоби каби воқеа-ҳодисалар муносабати билан “Нажот”, “Турон”, “Кенгаш”, “Улуғ Туркистон”, “Юрт”, “Ҳуррият” каби нашрлар майдонга келди. “Яшасин, Туркистон мухторияти!” шиорларини ўртага ташлаб, озодлик ва ҳурриятдан, тенглик ва адолатдан сўз очди. Дарҳақиқат, миллатпарварлар наздида матбуот миллат маънавиятини юксалтириши, уфқлари сари парвозга тайёрлаши лозим эди. Матбуот маънавият қаноти эди.
Инқилоб, ҳокимият тепасига келган ишчи ва деҳқонлар бошқаруви жамиятни тубдан ўзгартирди. Ёшлар нисбатан бу вазиятга тез мослашди. Аммо юрт ҳурриятини ўйлаган ва орзулари саробга айланганидан маҳзун тортган жадид зиёлилари онгу шуурида, хаёлларида ўз ниятлари яшаб қолди. Гарчанд шўро жамиятининг ҳукмронлиги кундан-кун ортиб бораётган ва бу янги ижтимоий тузум миллатлараро тенглик, инсонлараро адолат каби жуда кўп ижтимоий ваъдалар берса ҳам, амалдаги вазият анча бошқача – гапдангина иборат эди. Шу боис, ХХ асрнинг 20-йиллари матбуотида “Оғизда эмас, амалда бўлсин!” каби мақолалар босилди.
Унинг муаллифи: “Эски идора ерлик халқни ёт кўриш баробарида сағир ҳисоблаб, васийлик қилишни ўз устига олган эди. Ажал сайёди у бечорага ўз жомидан ажал шарбатини ичирди. Ўзгаришдан кейин яна бизни “тарбия” қилиш учун васий бўлгувчилар топилди. Лекин сўнгги вақтда гирифтор бўлғон васийларимиз ҳам, ўтган марҳум васийларимиз каби бизга васийи мутлоқ бўлиб, муқаддиратимизни ўз қўлларида тутиб келмоқдалар. Русия ўзгариши бўлғон 1917 йил эди, ҳозир ўзгаришнинг 1922 йилида турибмиз. Шу муддатда биз “сағир”лар ҳақига “васийларимиз” томонидан озми тааррузлар бўлди?
Сағир болаларнинг иши йиғидир; биз йиғладик. А, бизни овутиш йўлини берган васийларимиз, бизни ҳақимиз бўлғон семиз сигирларнинг сутидан баҳрасиз қилди, қуруқ эмизукни оғзимизга солдилар. Илгариги васийларимиз биз сағирларни “сиз ёт, бегона болаларсиз”, деб эмизук берганда, ўзгаришдан кейинги васийларимиз бизнинг пешонамизни силаб “бечора, бенаво етимларим, сиздан байналмилалчи васий отангиз айлансин”, деб кўнглимизни синдирмасдан овутиб келадилар” (Озиёлиқ. Оғизда эмас, амалда бўлсин. “Қизил байроқ”, 1922, 11 август), деб қўрқмай очиқча ёзди.
Фикрини эркин баён қилган бу давр матбуоти кейинроқ келадиган ҳибслар, сўз эркинлиги бўғилган муҳитдан нисбатан фарқ қилади. Жадид зиёлилари шўроларнинг матбуот нашрларида ишлар экан, янги ҳукуматнинг ваъдаларига гоҳ ишонди ва баъзан шубҳага боришди. Ички бир миллий туйғу зиёлилар кўнглини ҳамиша безовта этди. “Қутурғон мустамлакачилар” эркпарварларнинг бор умидларини чилпарчин қилди, “Бузулган ўлка” ҳолига қараб фарёд қилишди: “Гўзал Туркистон, сенга не бўлди? Саҳар вақтида гулларинг сўлди”... Муҳит гирдобининг зиддиялари вақтли матбуотдаги бир нафаслик эркинлик палласида шу зайлда ўз аксини топди. Кейин исканжага олинди. Бераҳм золимларнинг қонли панжалари остида зулм чекаётган ўлкага қарата эркпарвар шоир Чўлпон бир шеърида “Нега сенинг қалин товшинг “кет” демайдир уларга?”, “Нега тағин танларингда қамчиларнинг кулиши?”, дея сўроқли хитоблар қилади. “Қўзғалиш” (1922 й.) шеърида яна шундай деди:
“Эй! Сен мени ҳақир кўрган, тубан деган афанди!
Эй! Устимда бир умрга хўжа бўлмоқ истаган,
Эй! Бўйнимга кишан солиб, ҳалокатга судраган,
Кўзларингни заҳарлатиб ўйнатмагил, бас энди!”.
“Кеча ва кундуз” романида ботиний шуур Мирёқуб образига кўчди. Чўлпон кейинчалик айнан шу, нисбатан сўз эркинлиги муҳитида айтган жадидона кайфиятли, ўтли хитоблари учун тафаккур қурбонлари қатлгоҳида жонини берди. Айрим моддий нарсалар мамлакатлар чегараларини ўзгартириши мумкин. Бироқ маънавият, инсон тафаккури масаласида бундай чегаралар аралашган, уйғунлашган, иккиланган, шаклланиш ёки эскича тарзда қолишга мойил ва яна шу каби бир қанча сифатларга эга бўлиши мумкин. Жумладан, жадид зиёлиларининг матбуотдаги фаолияти ҳам манзарага уйқаш келади.
ХХ асрнинг 20-йиллари охирига бориб матбуотда чўлпонизм баҳслари бошланди, Чўлпонни танқид ва таҳқир қилишлар, анжуманлар мажлисларидан ҳайдаб чиқариш жараёнлари бошланди. Чўлпон дарҳол тузалиб, янги жамиятга мослашиб кета олмаслигини, бу жараён секин-аста бўлишини эътироф этди. Шоир ҳақида “Қизил Ўзбекистон”да “Ақлли жинни” деган мақола босилди. Айнан эркин матбуотда нисбатан эркинлаб ва эркалаб ёзган “Йиғинди гаплар” ҳангомаси учун Жулқунбой маънан мажруҳ қилинди: 1926 йили уч ой қамоқда ўтирди. Зотан, Абдулла Қодирийнинг тушунчалари, тасаввурлари жадидона руҳиятли “Таржимон”, “Улфат”, “Вақт”лар ўқиш билан шаклланган, ўша йилларда, унинг кўнглида “Садойи Туркистон”, “Самарқанд”, “Ойина”ларга “гап ёзиб юриш фикри” уйғонган эди. Жулқунбой қаламини сатира ва юмор йўлида бошлаб “Қизил байроқ”, “Туркистон” газеталарида қайраб олади: пайдарпай ҳажвиялари, ҳангомалари, фельетонлари босилди. Кейин ҳажвий журналнинг биринчи сонида: “Бу “Муштум” – зўрлиқ муштуми эмас, ҳақлиқ муштумидир; бу “Муштум” – золимлар муштуми эмас, мазлумлар муштумидир”, деб ёзди. Матбуотда бетўхтов босилган танқидий руҳдаги асарлари учун “фельетонлар қироли” номини олди.
“Матбуот куни” мақоласида юзига “Правда” пардасини тутишга мажбур бўлди. “Правда” газетасини – “гала бўрилар ичида ёлғуз арслон эди”, деб таърифлади; “ҳақиқат арслони” дея сифатлади. Газетанинг ҳақиқатни айтиш борасидаги жасоратига таҳсин айтди. Ўзи ишлаб турган “Муштум” журнали қуйидагича тавсифлади: “Журналимиз ҳам шу ҳақиқат оловининг учқунидир. Шунинг учунким, биз тегиб ўткан қитиқлик ерлар эгасини чўчитмай, жонларини ачитмай қўймайдир. Чунки биз ҳақиқат ўтиниинг учқунимиз, биз бутун руҳни, борлиқ маънони шу арслон бободан оламиз. Биз тескариликнинг, капиталнинг, эгриликнинг душманидирмиз. Негаки, бобомиз шундай эди”. “Муштум” шундай оёққа турди.
Дарвоқе, яхши биласизки, “Правда”нинг таржимаси – “Ҳақиқат”дир. 1922 йили жадидлар “Ҳақиқат” деган журнал ҳам чиқаришди. “Динсиз жамият, жамиятсиз дин йўқдир...” – уларнинг шиори эди. Чўлпоннинг “Кишан” шеъри шу журналда босилади. “Ҳақиқат” ҳам иккита сондан кейин давр довулида эгилади – нашрдан тўхтайди.
Алоҳида таъкидлаш керакки, ўзбек адабий тилининг янгича шаклланишида вақтли матбуот жуда катта тарихий миссияни бажарди. Адабий тилдаги турли ислоҳотлар, улар билан боғлиқ муаммо ва таклифларни жадидлар матбуоти ёритиб борди. “Чиғатой гурунги” ўз қарашларини Фитрат бошчилигида нашр бўлган “Тонг” журналида эълон қилди. “Мия ўзгармагунча бошқа ўзгаришлар негиз тутмас”, деган гап уларнинг шиори эди. Замонавий адабий тил учун қоидалар ишлаб чиқилди; ўзбек тилининг ифода имкониятлари, бадиий тил фасоҳати ва балоғати жадидлар ёзган бадиий асарларда яққол кўринди. Шу эътибордан жадид адабиётидаги поэтик нутқнинг янгиланиши ва унга хос илмий-назарий тамойиллар алоҳида тадқиқот қамровида ўрганиш учун ўз эгаларини кутиб турибди. Нафақат, жадид адиблари асарларининг тили, балки нодир фондлардаги жадидлар чиқарган газета ва журналлар, улардаги адабий, публицистик, илмий манбаларнинг жорий имлога табдиллари, замонавий нуқтаи назардан қайта баҳолаш ва қайта нашри ҳам ёш илмий кучларнинг одил, холис, жиддий ва меҳр-муҳаббатли талқинларига жуда-жуда муҳтож, бизнингча.
Шунингдек, аср аввалида бошланган маърифатпарвар зиёлиларнинг жадидона кайфияти, матбуотда чиқишларидаги жадидона руҳияти мустабид шўро тузуми даврида ҳам минг машаққат билан, “эзопона тил”га кўчган равишда қайсидир маънода давом этганини ҳам таъкидлашни истар эдик...
Аслида жадидлар орзусида бўлган сўз эркинлиги, ҳар бир нарсани ўз номи билан аташ учун Истиқлол йиллари имкон берди. Самарқандда битта газета ХХ асрнинг 20-йилларида “Меҳнаткашлар товуши”, “Камбағаллар товуши”, кейин “Зарафшон” деб номланди. Шўро замонида бу номлар ўчирилди. Аммо ҳозир Самарқанд вилоят газетаси “Зарафшон” деб аталади. Ўша яқин мозийда пойтахтда босилган битта газета “Иштирокиюн”, “Қизил байроқ”, кейин “Туркистон“ деб номланди. Шўро замони авжига минган йиллари “Қизил Ўзбекистон”, “Совет Ўзбекистони” бўлди. Истиқлол йиллари газеталарнинг бири учун “Туркистон” номи қайта тикланганини кўпчилик яхши билади. Жадидлар орзу қилган замонларнинг газеталар номидаги энг содда ифодаси бу...
Тарихдан ибрат олиш ҳар бир инсон учун жуда муҳим. Жумладан, ўзбек матбуотининг жадидлар фаолияти билан боғиқ анча қизиқарли, мураккаб ва ибратларга тўла тарихи бор. Газета чиқариш, фикрни ҳукмрон “нозирлар” чиғириғидан ўтказиш, обуна, чиққан газета ва журналларни тарқатиш йўл-йўриқлари – буларнинг барча-барчасини синчиклаб ўрганиш лозим.
Яна бир муҳим гап: газета ва журналларда босилган расмларни, сувратчилар фаолиятини тадқиқ этиш ҳам алоҳида масала. Расмга тушиш ва тушириш маданияти – бугун бу жиҳат жуда ҳам оқсаган. Ким қаерда қай йўсинда, дейлик яна, қайси тарафга мойил ёки ким кимнинг ёнида туриши керак каби тартиблар хусусида ҳам ўзбек миллий матбуоти тарихидан сабоқ олмоқ лозим. Ҳолбуки, умри “қўлмия”(қўлтелефон)ларга тикилиб ўтаётган ҳозирги ёш авлодга уларни ўргатиш керак. Шундагина бугунги ижтимоий тармоқ эгалари, турли хабарларни бетўхтов ёзиб тарқатаётган муаллифлар ўз виждонларини ойинага солиб кўрадилар. Ўзлари ёғдираётган сўз бўронларининг талафоти ёки саодатини мулоҳаза қилиб кўрадилар, албатта.
Баҳодир КАРИМ,
филология фанлари доктори, профессор