Жаҳон чемпиони Шарофиддин Амриддиновга вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди

Хабар берганимиздек, Баҳрайннинг Манама шаҳрида катталар ўртасида ўтказилган оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган тойлоқлик спортчи Шарофиддин Амриддинов Самарқандда тантанали кутиб олинди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вилоят ва туман ҳокимлиги масъуллари, спортчилар, чемпионнинг оила аъзолари иштирок этди.

Тойлоқ туманидаги Шопўлат маҳалласида ўтказилган тадбирда вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Ш.Рўзиев чемпион ва унинг устози, ота-онасига вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ва қимматбаҳо совғаларини топширди.

Шарофиддин Амриддинов жаҳон чемпионатида -109 килограмм вазн тоифасида  даст кўтариш машқида 184 килограмлик тошни бўйсундириб, жаҳон чемпонлигини тантана қилди. Шунингдек, силтаб кўтаришда 212 килограмм билан олтинчи, умумий ҳисобда эса 396 килограмм тошни кўтариб, рейтингда бешинчи бўлди.

Шунингдўек, Шарофиддин фаолияти давомида ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони, уч карра Осиё чемпиони, Ислом бирдамлиги ўйинлари, халқаро мусобақалар ғолиб ва совриндори бўлган.

- Жаҳон чемпионатида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилганимдан ва оғир атлетика бўйича катталар ўртасида самарқандлик илк жаҳон чемпиони бўлганимдан хурсандман, - дейди Шарофиддин. – Ушбу ғалаба нафақат меники, балки оила аъзоларим ва устозларимники ҳам. Энди 2028 йилда Лос-Анжелес шаҳрида ўтказиладиган Олимпия ўйинларида чемпион бўлишни мақсад қилиб қўйдим. Бунинг учун ҳозирдан жиддий тайёргарликни бошлайман.

Фазлиддин Рўзибоев.