Жаҳоннинг ўта хавфли бўлган 8 ҳудуди

Ер юзида жойлашган айрим ҳудудлар борки, улар инсонлар учун ўта хавфли ҳисобланади. Бунга сабаб ўша ҳудудда давом этаётган урушлар, касаллик ёки табиат ҳодисаларидир. Қуйида хавфли бўлган саккиз ҳудуд ҳақида ҳикоя қиламиз.

1. Данакиль саҳроси (Эфиопия).



Бу саҳро ўзга сайёрага ўхшашлиги, шунингдек, ғаройиб табиати билан сайёҳларни ўзига жалб қилади. Чўлда ҳар қадамда учрайдиган ҳаракатдаги вулқонлар ҳамда кўлдаги олтингугурт моддаси туфайли ҳарорат 50 даражага кўтарилиб, заҳарли газлар ҳаёт учун хавф туғдиради. Камига бу ерда ҳукмронлик қилувчи ёввойи қабила вакиллари ҳам талончилик мақсадида сайёҳларни ўғирлаши мумкин.

2. Сан-Педро-Сула шаҳри (Гондурас).



Жаҳондаги энг хавфли аҳоли маскани саналган шаҳарчадаги яширин қурол-яроғ ва гиёҳванд моддалар савдоси, шунингдек, бутун бошли кўчаларни эгаллаб олган жиноий тўдалар томонидан содир этилаётган жиноятлар оқибатида йилига ҳар 100 минг кишига 170 нафар киши қотиллик қурбонига айланади. Шаҳарнинг энг хавфсиз ҳудуди ҳукумат томонидан назорат қилинадиган марказий туман бўлиб, бу ерда бошқарув идоралари жойлашган. Рио Бланко туманида эса полиция ва жиноий тўдалар ўртасида отишмалар деярли ҳар куни содир бўлади.

3. Натрон кўли (Танзания).



Бу кўлнинг алвон ранг табиати сайёҳларни ҳайратга солади. Аммо унинг бу кўриниши алдамчидир, чунки кўл суви таркибида туз миқдори жуда юқорилигидан нафақат кўлда яшовчи, балки унга тушган ҳар қандай жонзот кўп ўтмай ўлади ва мўмиёга айланади. Натронда чўмилиш тақиқланган, унга амал қилмаганлар кучли куйиш жароҳати олиши мумкин.

4. Ўлим учбурчаги (Ироқ).



Ироқдаги уруш пайтида Бағдод жанубидаги туманлардан бири «ўлим учбурчаги» деб атала бошлади. Аҳолисининг кўп қисмини суннийлар ташкил этадиган мазкур ҳудудда ҳукмрон шиаларга қарши норозилик намойишлари, ўзаро жанжаллар тез-тез содир бўлади.
Айни пайтда бу туманда турли жангарилар тўдалари ҳам изғиб юради. Улар нафақат давлат хизматчиларига, балки оддий аҳолига ҳам ҳужум қилиб, уларни ўғирлаб кетишади.

5. Сомали.



Ҳозирги кунда Африкадаги айрим давлатларга саёҳат қилиш жуда хавфли. Айниқса, Сомалига бориш ўлимга тик бориш билан баробар. Айни пайтда мамлакатнинг катта қисмида доимий урушлар давом этмоқда. Пойтахт Могадишо шаҳри қонхўр жиноятчи тўдалар томонидан бўлиб олинган.
Айниқса, мамлакат қирғоқлари ёнидан ўтаётган юзлаб давлатларнинг кемаларини талон-торож қилаётган сомалилик қароқчилар ҳақида асло унутиб бўлмайди. Уларни нафақат Сомали қирғоқлари яқинида, балки бу ерга яқин денгизларда ҳам учратиш мумкин.

6. Чиуауа (Мексика).



Чиуауа — Мексика шимолидаги энг чекка штат ҳисобланади. Бу ҳудуд қотиллик содир этилиши бўйича жаҳонда етакчилик қилмоқда. Йилига ҳар 100 минг кишига 130 нафар киши ўлим топаётган штатда гиёҳвандлик билан шуғулланувчи тўдалар орасида мунтазам тўқнашувлар содир бўлади. Жиноий тўдалар орасидаги ўзаро муносабатларни ҳатто полиция аралашуви билан ҳам тўхтатиб бўлмайди.

7. Ўлим йўли (Боливия).



Ғарбий Юнгас вилоятининг баланд тоғлар орасидан ўтган ушбу йўли жаҳондаги энг хавфли йўл деб тан олинган. У тик жарлик ёқасида жойлашган бўлиб, энг кенг қисми 3,2 метрни ташкил этади. Йирикроқ транспорт воситалари энсиз йўлдан ўтаётганда ҳатто бир томони тубсиз жарликка осилиб ҳам қолади. Коройко шаҳрининг Ла-Пас билан боғловчи 70 километрли ягона тоғ йўлининг энсизлигидан автомашиналарнинг орқага қайрилиб олиши ёки рўпарадан келаётган машиналарга йўл беришининг имконияти йўқ. Шунингдек, тоғларни доимо туман қоплаши натижасида кўриш қийинлашади. Камига тош кўчкилари тушиб йўлни ёпиб қўяди. Ҳар йили 25-30 машина жарликка қулаши оқибатида 150 нафарга яқин одам ҳалок бўлади.

8. Илонли орол (Бразилия).



Бир қарашдан жаннат жойдек кўринган Кеймада-Гранди ороли дунёдаги энг хавфли ҳудуддан биридир. Бу ерда минглаб заҳарли илонлар ҳукмронлик қилади. Жумладан, бу ерда жаҳондаги энг заҳарли илон - ботропс яшайди. Унинг чақиши инсонда некроз ҳолатини келтириб чиқариб, тананинг чиришига олиб келади. 1985 йилда Бразилия ҳукумати оролни қуриқхона деб эълон қилган. Унга бориш барча учун тақиқланган.

Дилмурод Тўхтаев тайёрлади.